Ўзбекистонда COVID-19’га реакция қилишнинг рақамли миллий тизими яратилади

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматини модернизация қилиш ҳамда жиҳозлаш учун 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллагани маълум қилинганди. Ушбу маблағ эвазига тизимга бир қатор янгиликлар киритиш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, лойиҳа доирасида эпидемиологик кузатув ва COVID-19’га реакция қилишнинг рақамли миллий тизими яратилади. У маълумотларни ёш ва жинсга ажратган ҳолда тақдим этади. Шунингдек, тиббиёт ходимлари мазкур тизимдан фойдаланиш бўйича ўқитилади. Бу эса Ўзбекистонга коронавирус ҳолатларини аниқлаш ва контактларни кузатиш, скрининг, тестдан ўтказиш, яккалаш ва мамлакат бўйлаб тарқалишининг олдини олиш имкониятларини кенгайтиради.

Лойиҳа тиббий протоколларни ишлаб чиқиш ва эълон қилиш, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг беморларни даволайдиган бирламчи бўғини ва шахсларини ўқитиш, коронавирус касаллигининг потенциал ҳолатларини аниқлаш ва уларга мос келувчи тавсияларни тақдим этишда ёрдам беради. Бундан ташқари, скрининг ва лабораторияларда намуналарни тўплаш ва ташиш биллан боғлиқ жараёнлар кучайтирилади.

Маълумотларга кўра, 16 та COVID-19 даволаш маркази, жумладан, юқумли касалликлар бўйича 14 та минтақавий касалхона ва иккита миллий даражадаги касалхона ходимлар томонидан беморларга хизмат кўрсатиш ва беморларни ёш ва жинсига қараб ажратиш учун таъмирланади. COVID-19’ни даволашга мўлжалланган марказлар сифатида интенсив даволашни кенгайтириш ва қўшимча тез ёрдам автомобиллари билан таъминлаган ҳолда ушбу касалхоналардаги қурилмалар модернизация қилинади. Шунингдек, ходимлар инфекцияларни профилактика ва назорат қилиш, хавфсизлик ва беморларга сифатли хизмат кўрсатиш бўйича ўқитилади.

Аввалроқ Урганчда коронавирусга чалинган беморлар учун махсус шифохона ташкил этилаётганлиги, AҚШ Ўзбекистонга қиймати 902 минг долларга тенг тиббиёт воситалари ва лаборатория жиҳозларини ҳадя қилгани ва Юнусободда COVID’га тест олиб, натижасини 24 соат ичида интернет орқали маълум қиладиган пунктлар ташкил қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар