Ўзбекистонда талабалар турар жойларида «қизил зона»лар ташкил этилади

Ўзбекистонда талабалар турар жойларида касалликка чалинган талабаларни изоляция қилиш учун «қизил зона»лар — изолятор ташкил этилади. Бу ҳақда АОКАда ОТМларда 16 ноябрдан ўқишни анъанавий шаклда давом эттириш билан боғлиқ масалалар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Олий таълим муассасалари ва талабалар турар жойлари пирометр, дозатор ва антисептик воситалар билан жиҳозланади. У ерда касалликка чалинган талабаларни изоляция қилиш учун «қизил зона» — изолятор ташкил этилади. Курслар кесимида ўқув жараёнини ташкил этиш схемаси ишлаб чиқилиб, табақалаштирилган вақт соатлари асосида дарс жадваллари тузилади.

«Барча талабаларни турар жойлар билан таъминлаш имкони йўқ. Олий таълим муассасаси ҳеч бир талабани турар жой билан таъминлашга кафолат бермайди. Турар жой билан боғлиқ масалани ҳал қила олган талабалар анъанавий таълимга қайтади.

Маълум бир талабалар турар жойларида ҳозирда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Ётоқхона билан, биринчи навбатда, кам таъминланган, меҳрибонлик уйи битирувчилари таъминланади.

Талабаларни баҳолашда мезонлар бир хил, аммо вақти бир хил бўлишга мажбур эмас. Масофадан ўқиётган талаба вазифани кечроқ тайёрлаб берса, ўқитувчи уни кечроқ ҳам баҳолаши мумкин», — дейди Абдували Холиқов.

Маълумот учун, Ўзбекистон олий таълим муассасаларида 16 ноябрдан бошланиши белгиланган анъанавий таълим шакли мажбурий ҳисобланмайди. Шунингдек, аудиторияларга белгиланган сиғимнинг 50 фоизигача талабалар киритилади. Яъни 30 кишилик аудиторияга 15 нафар талабага дарс ўтилади. Шунингдек, ОТМлар имконияти ва моддий техник базасидан келиб чиқиб, барча курсларни навбат билан, кетма-кетликда анъанавий таълимга жалб этади.

Янгиликлар