Президент аҳолининг йўловчи ташиш хизматларидан норози эканини таъкидлади
Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь, душанба куни аҳоли йўловчи ташиш хизматларидан мутлақо норози эканини таъкидлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, пойтахтдаги 24 та йирик чорраҳанинг ҳаракатланиш тартибини оптималлаштириш, бу орқали ўртача тўхташлар сонини 71 фоиз ва вақтини 48 фоиз, тирбандликни 64 фоиз, ёқилғи сарфини 34 фоизга камайтириш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган.
«Тошкент шаҳрида жамоат транспортини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Президент йўловчи ташиш хизматларидан аҳоли мутлақо норози эканини таъкидлади. Масалан, 79 та йўналишдаги автобуслар интервали тиғиз пайтларда 30 минутгача кечикмоқда. Оқибатда одамлар бошқа транспорт воситаларидан фойдаланишни афзал билмоқда. Бугунги кунда шаҳар жамоат транспортида бор-йўғи 33 фоиз йўловчи юрмоқда. Ривожланган мамлакатлар пойтахтида бу кўрсаткич 60–70 фоизни ташкил этади.
Шу боис мавжуд инфратузилмани яхшилаб, жамоат транспорти ҳаракатининг тезлиги ва аҳоли учун қулайлигини таъминлаш вазифа қилиб қўйилди», — дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, Президент жамоат транспорти тизимида янги бошқарув услубини жорий этиш, метрополитен, автосаройлар ва йўналишли такси корхоналарини бир-бирига боғлаш, ахборот технологиялари асосида уларнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш кераклигини таъкидлади.
Бунинг учун метрополитенни бошқариш ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятининг буюртмачи ва назорат функциялари шаҳар транспорт бошқармасига ўтказилади. Молиялаштириш ҳам бошқарма томонидан амалга оширилиб, транспорт корхоналарига ҳақиқий бажарилган иш ҳажми, босиб ўтилган масофага қараб маблағ ажратилади. Мутасаддиларга Тошкент шаҳар жамоат транспортини ягона тизим асосида тартибга солиш, молиялаштириш ва табақалашган тарифларни белгилаш бўйича вазифалар қўйилди.
Қайд этилишича, тирбандлик кузатилаётган кўп қаторли йўлларнинг бир қисмини жамоат транспорти учун ажратиш, марказий кўчаларда паркоматлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, пиёдалар ва велосипедлар йўлакчаларини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Хабарга кўра, «Тошшаҳартрансхизмат» жамиятини тўлиқ трансформация қилиш, Транспорт университети фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, жамоат транспорти тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 150 минг аҳоли яшайдиган йўлдош шаҳарча қурилишини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Технопарк корхонасида кўп қаватли уйлардаги энг катта муаммо лифтлар билан боғлиқ эканлигини айтгани ҳақида хабар берилган.