Президент Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автобусларнинг нархи хорижникига нисбатан юқори эканини танқид қилди
Президент 30 ноябрь куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автобусларнинг нархи хорижникига нисбатан юқори эканини танқид қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган. Хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автобусларнинг нархи хорижникига нисбатан юқори экани, шу боис маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, автобус ва микроавтобуслар нархини тушириш муҳимлиги таъкидланган.
Самарқанд Ўзбекистондаги энг катта шаҳарлардан бири, унга сайёҳлар ҳам кўп келади. Шу боис Президент бу ерда жамоат транспорти йўналишларини оптималлаштириш заруратига алоҳида эътибор қаратган.
Вилоят ҳокимлиги ва мутасадди вазирликларга Самарқанд шаҳрида қулай транспорт тизимини яратиш бўйича Бош режа лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган. Унда йирик чорраҳаларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, алоҳида йўлакли автобуслар ҳаракатини ташкил этиш, кўп ўринли автобуслар қўйиш ва интервалларини қисқартириш чоралари белгиланади. Шунингдек, мамлакатимиздаги 30 та шаҳар бўйича шундай бош режалар ишлаб чиқилади.
Транспорт университети фаолиятини соҳадаги ислоҳотлар билан узвий боғлаш, профессор-ўқитувчи ва талабаларни бу жараёнга кенг жалб этиш бўйича кўрсатма берилган.
«Транспорт-логистика масалаларига кўп йиллар илм билан ёндашилмади. Замонавий кадрларнинг етишмаслиги бу соҳадаги энг оғриқли муаммо», – дейди Президент.
Аҳоли талабидан келиб чиқиб, янги йўналишлар очиш, мавжудларини қайта кўриб чиқиш, автобус бекатларини реконструция қилиш, бунга хусусий секторни жалб қилиш зарурлиги таъкидланган. Бу борадаги чора-тадбирлар ижроси жойларга чиққан ҳолда ўрганиб борилиши, халқ депутатлари кенгашларида ҳар уч ойда транспорт тизими раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, аниқ вазифалар қўйилиши белгиланган. Соҳага оид қонунларнинг бугунги кун талабига жавоб бермайдиганларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда кунига қанча фуқаро жамоат транспортидан фойдаланиши маълум бўлган эди. Шунингдек, Президент шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги янги бино қурилиши билан танишгани ҳақида хабар берилган. Бундан ташқари, Президент 100 млн долларлик лойиҳалардан фақат биттаси фойдаланишга топширилганини кескин танқид қилган.