Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланган фуқароларга пул берилаётгани айтилди
Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланган фуқароларга 750 минг сўм миқдорида пул берилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди.

Маълум қилинишича, коронавирусга қарши эмланган фуқаролар учун пул маблағи берилаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз.
«Сир эмас, коронавирус пандемияси даврида айрим ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали турли асоссиз, ҳеч қандай ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва расмий манбалар орқали тасдиқланмаган уйдирма маълумотларни тарқатиш ҳоллари тез-тез кузатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, кенг жамоатчилик орасида турли тушунмовчиликларнинг юзага келишига, баъзи ҳолларда эса ортиқча саросималарга сабаб бўлмоқда.
Жумладан, вакцина олган фуқаролар учун 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилаётгани ҳақидаги юқорида келтирилган ахборот ҳам ана шундай мақсадда тарқатилган бўлиб, ҳеч қандай расмий асосга эга эмас», дейилади хабарда.
Шу боис вазирлик аҳолига бу каби фейк хабарларга ишонмасликни, вакцинация жараёни билан боғлиқ энг тўғри маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали олиш мумкинлигини эслатиб ўтган. «Унутманг, бу каби ёлғон хабарларни тарқатиш тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлади», дея қўшимча қилинган хабарда.





