Қашқадарёда 2021 йилда хизмат кўрсатиш соҳасида 650 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилади
Қашқадарё вилоятида 2021 йилда тижорат банклари кредитлари асосида 650 миллиард сўмлик 500 та янги лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари 12–13 ноябрь кунлари вилоятда бўлиб, бир қанча вазифалар белгилаб берган эди. Ҳар бир туман ва шаҳарни ривожлантиришга туртки бериш мақсадида марказий идоралар, жумладан, вазирлик ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилиб, зарур ресурслар ажратилган. 2021 йил Қашқадарёда «Тадбиркорликни ривожлантириш йили» деб эълон қилинган. 10 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этиш мақсади белгиланган.
Шунингдек, Президент раислигида 26 ноябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда ҳар бир туман ва шаҳарнинг «ўсиш нуқталари»га асосланиб, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳаларни мижозбай ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланган.
«Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз ҳамда Китоб туманларида 20 минг гектарда интенсив боғ ва узумзорлар яратиш орқали вилоятда мева-сабзавотни қайта ишлаш даражасини 25 фоизга етказиш мумкин.
Шаҳрисабз шаҳри, Нишон, Деҳқонобод, Яккабоғ, Миришкор, Ғузор, Шаҳрисабз, Муборак туманларида ташкил этиладиган 11 та кичик саноат зонасида лойиҳаларни жойлаштириш ва инфратузилмага улаш кераклиги қайд этилди. 2021 йилда тижорат банклари кредитлари асосида хизмат кўрсатиш соҳасида 650 миллиард сўмлик 500 та янги лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган», — дейилади Президент матбуот хизмати хабарда.
Мавзуга доир: Қашқадарёда 200 га яқин мактабни реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун қўшимча 100 млрд сўм ажратилади
Аввалроқ Қашқадарёда 2021–2022 йилларда 1200 га яқин лойиҳага қарийб 1 млрд доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиши ҳақида хабар берилган эди.