Қашқадарёда 2021–2022 йилларда 1200 га яқин лойиҳага қарийб 1 млрд доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилади

Шавкат Мирзиёев раислигида 26 ноябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда давлат раҳбари келгуси икки йилга мўлжалланган 1 минг 153 та инвестиция лойиҳасининг иқтисодий-ижтимоий аҳамиятини таъкидлаб ўтган. Бунда қарийб 1 миллиард доллар хорижий инвестицияларни ўзлаштириб, 19 мингта янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Мутасаддиларга саноат паст даражада ривожланган туманлар учун қўшимча лойиҳалар ишлаб чиқиш, мавжуд захираларни самарали ишга солиш вазифаси қўйилган. «Темир дафтар»га киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш чоралари муҳокама қилинган. Кичик бизнесни ривожлантириш, ёшлар ва аёлларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш муҳимлиги таъкидланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан аввал, қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган 81 минг гектар ерни ўзлаштириш, 63 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш белгиланган эди. Қарши, Қамаши ва Косон туманларида 1200 гектар майдонда замонавий иссиқхоналар, Деҳқонобод тумани ҳамда вилоятнинг тоғолди ҳудудларида писта ва доривор ўсимликлар плантациялари ташкил қилиш зарурлиги айтилган эди. 26 ноябрь куни ўтказилган йиғилишда шу борадаги ташкилий ва молиявий ишларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, ичимлик суви тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, автомобиль йўлларини таъмирлашга оид масалалар кўриб чиқилган. Турар жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда муҳтож аҳоли учун 5 қаватли энергия тежамкор уйлар қуриш муҳимлиги айтиб ўтилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Чилонзор тумани мутасаддилари ва ёшлари билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги янги бино қурилиши билан танишгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар