Қашқадарёда 4,3 млн куб метр газни ноқонуний ўзлаштирган МЧЖ давлатга қанча зарар етказгани маълум бўлди
Қашқадарё вилояти Муборак туманида 4,3 млн куб метр газдан ноқонуний фойдаланган масъулияти чекланган жамият давлатга 4,3 миллиард сўм зарар етказгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз таъминот» АЖ матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, Муборак туманида жойлашган ғишт цехи юқори босимли газ қувурига ноқонуний равишда уланиб олган. Ўғирланган табиий газ эса шахсий манфаатлар йўлида бойлик орттириш учун ғишт ишлаб чиқаришга ихтисослашган ноқонуний цехга йўналтирилган.
МЧЖ табиий газ тармоғига ҳеч қандай рухсатномасиз уланиши оқибатида катта миқдордаги табиий газ ўғирланиш ҳолати «Ҳудудгаз таъминот» АЖ ва «Ҳудудгаз Қашқадарё» газ таъминоти филиали томонидан аниқланган. «Пишган» ғиштларни ишлаб чиқариш учун мослаштирилган мазкур цехда фойдаланилган 12 дона қўлбола газ горелкаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Таъкидланишича, «Ҳудудгаз Қашқадарё» ГТФнинг тақдим этган маълумотларига кўра, корхонанинг ноқонуний фаолияти даври мобайнида, қиш мавсумида мактаблар, касалхоналар, уй-жой, болалар боғчалари, ногиронлик уйлари, ижтимоий объектлар ҳамда аҳоли эҳтиёжлари учун белгиланган табиий газни ўзбошимчалик билан ишлатиб юборилган.
«Ўғриланган табиий газнинг умумий ҳажми 4,3 миллион куб метрни, бу эса ўз навбатида, тахминан тўрт минг хонадоннинг бир ойлик табиий газ истеъмоли ҳажмини ташкил этмоқда. Табиий газни ўғирлаш ҳолати бўйича талончилар томонидан етказилган зарар миқдори 4,3 миллиард сўмни ташкил этган. Табиий газни талон-тарож қилиш бўйича тўпланган барча ҳужжатлар қонунга мувофиқ тегишли чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим этилди», дейилади «Ҳудудгаз таъминот» АЖ матбуот хизмати хабарида.
Аввалроқ Ўзбекистонда март–октябрь ойларида 623 та газни тақсимлаш пункти таъмирлангани маълум бўлган эди. Шунингдек, Ўзбекистон аҳолисининг 49 фоизи табиий ва 51 фоизи суюлтирилган газ билан таъминлангани ҳақида хабар берилган.