Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи табиий газ билан таъминлангани маълум қилинди

Ўзбекистон аҳолисининг 49 фоизи табиий ва 51 фоизи суюлтирилган газ билан таъминланган. Бу ҳақда 30 октябрь, жума куни Сенат Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг Монополияга қарши курашиш қўмитасида ўтказилган сайёр мажлисда маълум қилинди, деб хабар беради «Tez News» мухбири.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, мажлис видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган. Унда «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг «Ўзкимёсаноат», «Ўзбекнефтегаз» акциядорлик жамиятлари ва «Ўзёғмойсаноат», «Ўзчармсаноат» уюшмалари томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинган.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, мажлисда Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси вакили, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган. Таъкидланишича, сўнгги йилларда «Ўзкимёсаноат» тармоқ корхоналарини куз-қиш мавсумида «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан табиий газ билан таъминлашдаги муаммолар, яъни табиий газ талаб этиладиган параметрларда (12 кгс/см2 да) етказиб берилмаслиги туфайли ишлаб чиқаришда тўхталишлар юзага келган ёки тўлиқ қувватда ишлаш имкони бўлмаган.

Фото: «Tez News»

Хусусан, юқоридаги сабаб туфайли 2019 йилда 318,8 миллиард сўмлик товар, шу жумладан, 294,5 миллиард сўмлик азотли ўғитлар кам ишлаб чиқарилган ва 24,4 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган харажатларга йўл қўйилган.

Хабарга кўра, 2020 йил 1 январь ҳолатида республикада 276 та нефть ва газ конлари мавжуд бўлиб, суюқлик тури бўйича улар 10 та газ кони, 137 та конденсат, 52 та нефтгаз конденсати, 25 та нефть ва газ ҳамда 52 та нефть конларига бўлинади. Жамият тизимидан нефтни қайта ишлаш заводларига 2019 йилда 911,2 миллиард сўм солиқ тўловларидан имтиёзлар берилган. Бугунги кунда мамлакат аҳолисининг 49 фоизи табиий газ ва 51 фоизи суюлтирилган газ билан таъминланган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 16 январдаги «Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига асосан «Ўзпахтаёғ» АЖ негизида Ўзбекистон ёғ-мой саноати корхоналари уюшмаси ташкил этилган. Мазкур ташкилот томонидан 2018 йилда 191,4 минг тонна кунгабоқар ва 135 минг тонна кунгабоқар мойи импорт қилинган бўлса, 2019 йилда импорт ҳажми мос равишда 269 минг тонна ва 216 минг тоннани ташкил этган.

Фото: «Tez News»

Таҳлилларга кўра, 2020/2021 мавсумда бутун дунёда кунгабоқар етиштириш ҳажми прогнозлари 56,1 миллион тоннагача, қайта ишлар ҳажмлари 51,2 миллион тоннагача камайиши аниқланган. Ўтган йилларда республикага кунгабоқар донининг импорти ортиб борган бўлса, 2020 йилда импорт ҳажмининг пасайиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, мажлисда мойли хом ашё базасининг чегараланганлиги оқибатида сўнгги уч йилда ёғ-мой корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 50 фоиздан ошмагани таъкидланган.

Фото: «Tez News»

Мажлис давомида «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан ҳам «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг ижро этилиши кўриб чиқилган. Мажлисда 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, ушбу уюшмага 550 га яқин ишлаб чиқарувчи корхоналар аъзо бўлиб, улардан 50 таси чармни қайта ишловчи, 9 таси қоракўлчилик, 35 таси чарм-атторлик ҳамда 302 таси пойабзал ишлаб чиқарувчиси айтилган.

Соҳа корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш мақсадида 2020 йилда 28 та лойиҳа бўйича 101,2 миллион долларлик қийматдаги инвестицияларнинг ўзлаштирилиши, 2020—2022 йилларда умумий қиймати 421 миллион долларлик 248 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар йўлга қўйилган.

Бундан аввал сенатор Ўзбекистондаги газ қувурларининг СССР давридан буён алмаштирилмаганини ва Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига газ етиб бормаслиги, аммо ўша ерда газ қуйиш шохобчалари фаолият юритаётганини танқид қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар