Қашқадарёда ўрмон ёнғини оқибатида салкам 600 та арча ёниб кетди
Қашқадарё вилоятида 3 ноябрь, сешанба куни содир бўлган ўрмон ёнғини оқибатида салкам 600 та арча ёниб кетди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Карима Ёдгорованинг таъкидлашича, ёнғин 5 гектар майдонни қамраб олган. Бунинг оқибатида ўрмон хўжалиги ҳудудидаги ноёб дарахтлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етган.
Хабарга кўра ёнғин давомида тахминан 600 га яқин «Зарафшон» арчаси ёниб кетган. Ёнғин оқибатида аҳоли орасида жабрланганлар йўқлиги айтилган.
«Айни пайтда зарар миқдори аниқланмоқда», — дейди Карима Ёдгорова.
Аввалроқ «Tashkent City» ҳудудида қурилаётган биноларнинг бирида ёнғин содир бўлгани ва Самарқанд шаҳридаги консерва заводи омбори ёнғин келиб чиққани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Когон шаҳридаги масжид биносида ҳамда Aндижон шаҳридаги пойабзал сақлаш омборида ёнғин келиб чиққани маълум қилинганди.