Когон шаҳридаги масжид биносида ёнғин келиб чиқди

Бухоро вилояти Когон шаҳридаги Алишер Навоий номли масжид биносида 31 октябрь куни ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Бухоро вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчи диспетчерлик хизматига 31 октябрь куни соат 16:40 да Когон шаҳар Маҳмуд Таробий кўчасида жойлашган Алишер Навоий номли масжиднинг ёрдамчи биносида ёнғин бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.

Қутқарув экипажи ёнғин жойига етиб боргунга қадар ёрдамчи бинонинг 35 метр квадрат том қисми ёнган. Вилоят ФВБ ёнғин бинодаги пайвандлаш ишларида хавфсизлик қоидаларининг бузилиши оқибатида келиб чиққанини маълум қилган.

Қайд этилишича, ёнғин содир бўлаётган ҳудуд қутқарувчилар томонидан соат 16:46 да ўраб олинган, соат 17:00 да ўчирилган. Ёнғин оқибатида фуқароларнинг куйиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари аниқланмаган.

Aввалроқ Самарқанд шаҳридаги консерва заводи омбори ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Aндижон шаҳридаги поябзал сақлаш омборида ёнғин келиб чиққани хабар қилинган.

Янгиликлар