ФВВ ёнғин хавфсизлиги учун «йиллик тўлов» йиғган шахсларнинг вазирлик фаолиятига алоқаси йўқлигини маълум қилди

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 29 октябрь куни ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар учун вазирлик тизими ходимлари томонидан ҳеч қандай пул йиғимлари, бошқа турдаги тўловлар ундирилмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, охирги пайтларда мамлакатда ўзини «давлат ёнғин назорати ходими» сифатида таништириб, «йиллик тўлов» йиғган шахсларни вазирлик фаолиятига алоқаси йўқлигини билдирган.

«Сўнгги йилларда, асосан, куз-қиш мавсуми бошланиши билан мамлакатимиз аҳолиси бўйлаб, айниқса, ҳудудларда махсус кийим-бошдаги шахслар ўзларини ‘давлат ёнғин назорати органи (пожарний) ходими’ сифатида таништириб, фуқаролардан ‘йиллик тўлов’ қабилида турли миқдордаги пул маблағларини мажбурий тарзда ноқонуний йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги юқорида айтиб ўтилган шахсларнинг ФВВ фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, шу билан бирга, ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар учун вазирлик тизими ходимлари томонидан ҳеч қандай пул йиғимлари, бошқа турдаги тўловлар ундирилмаслигини маълум қиламиз», дейилади вазирлик хабарида.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ФВВ қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратилишини сўраган:

  • хонадонларга келиб, ўзини ФВВнинг тизимларига ўхшаш ташкилот номи билан таништирган шахслардан ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этишини;
  • уларнинг фаолият тури ҳамда қандай хизмат кўрсатиши ва ишларни бажаришларига аниқлик киритиш;
  • улар томонидан таклиф қилинадиган хизматларни бажариш фақат фуқаронинг розилиги асосида амалга оширилиши мумкинлигини унутмаслик.

«Агар, хизмат кўрсатмасдан ва сиз ёки оила аъзоларингизни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан бирор ишларни бажармасдан, сиздан мажбурий тартибда тўлов талаб қилинса, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишингиз мумкин», — дейди вазирлик матбуот хизмати.

Бундан аввал ФҲДЁ идораларида «метрика»га ортиқча маблағ ундирилаётгани ҳақидаги хабар юзасидан ва Ўзбекистонда 16 ёшдан автомобиль бошқаришга рухсат бериш ҳақидаги таклифга муносабат билдирилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Кейинчалик Шерзод Шерматов Избосканда директорнинг рўмолли ўқувчини қаматиш билан қўрқитгани тўғрисидаги хабарга ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги карикатура билан боғлиқ баҳсларга муносабат билдиргани маълум қилинган.

Янгиликлар