Шерзод Шерматов Избосканда директорнинг рўмолли ўқувчини қаматиш билан қўрқитгани тўғрисидаги хабарга муносабат билдирди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Избоскан туманидаги 25-мактаб директори рўмол ўраган ўқувчи қизни қаматаман, дея қўрқитгани тўғрисидаги хабарга муносабат билдирди. Вазирнинг сўзларига кўра, рўмол ўраган қизга «қаматаман» деб таҳдид қилиш аҳмоқликдир. Бу ҳақда «Kun.uz» нашри хабар берди.

Фото: «Газета.uz»

«Бу масалани ўрганиш керак. Фақат бир кишининг гапи олинмаслиги лозим. Иккинчидан, қайси қонунда ёзилган экан рўмол учун қамалади деган гап? Бу — аҳмоқона гап. Бу масалани ўрганиб чиқишган. Избоскан тумани ҳокимлиги бунга муносабат билдирган.

Жойларга борамиз: ‘мана бу ўқитувчига иш бермаётган эканʼ, деб гапиришади. Агар ўша ўқитувчи билан гаплашиб кўрсангиз, уни умуман мактабга яқинлаштириш керак эмаслиги маълум бўлади. Чунки эртага асабий ҳолатда болани уриб, майиб ҳам қилиб қўйиши мумкин. Шунинг учун битта томонни олиб, шов-шув қилиб, бу томонни айтиб бўлмайди. Вазиятни тўлиқ ўрганиш керак.

Биз ҳуқуқий жамият қуришга ҳаракат қиляпмиз. Ноқонуний ҳаракат қилган бўлса, суд ҳам, прокуратура ҳам бор. Яъни ҳамма нарса қонун доирасида ҳал қилиниши керак. Лекин ҳеч ким, ҳеч қаерда ўқитувчига ʼўқувчини қаматаман дегинʼ деб кўрсатма бермаган», — дейди халқ таълими вазири. Ушбу ҳолат бўйича Избоскан тумани ҳокимлиги муносабатида қаматиш билан таҳдид қилгани айтилган мактаб директори 23 октябрь куни фарзандини уйлантириш мақсадида тўй маросими ўтказгани, туман халқ таълими бўлими мудиридан ишга чиқмаслик учун рухсат сўрагани ва видеомурожаат тарқалган куни иш жойида бўлмагани қайд этилган.

«Қизнинг онаси билан суҳбат ўтказилганда она карантиндан аввал фарзанди диний либосда эмас, замонавий либосларда юрганлиги бўйича мактаб маъмурияти эътироз билдирганлигини, ёз мавсумидан бошлаб қизининг кийиниш услуби ўзгарганлигини, ижтимоий тармоққа қўйилган видеомурожаатдан эса хабари йўқлигини таъкидлаган.

Бундан ташқари, суҳбат жараёнида ўқувчи қиз астрономия фани ўқитувчиси дарс жараёнида унга мактаб формасига риоя қилишини, миллий менталитетга мос услубда кийиниш лозимлигини айтганлигини, лекин қизга либоси сабаб қаматиш ёки шунга ўхшаш чоралар қўллаш бўйича босим бўлмаганлигини таъкидлаган. Шунингдек, ўқувчи қиз мактаб директорини видеомурожаат тарқатган куни кўрмаганлиги ва гаплашмаганлигини, мурожаат қилаётган вақтида ҳиссиётга берилган ҳолда қаматиш бўйича гап-сўзларни қўшиб юборганлигини билдирган», дейилган ҳокимлик муносабатида.

Аввалроқ Избосканда директорнинг рўмол ўраган ўқувчига қаматаман, деб таҳдид қилгани айтилган мурожаат ўрганилгани ҳақида хабар берилганди.