Избосканда директорнинг рўмол ўраган ўқувчига қаматаман, деб таҳдид қилгани айтилган мурожаат ўрганилди
Андижон вилояти Избоскан туманида 25-мактаб директори рўмол ўраган ўқувчи қизни қаматаман, дея қўрқитгани рад этилди. Бу ҳақда туман халқ таълими бўлими матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 23 октябрь, жума куни ижтимоий тармоқларда «Мактаб директори рўмол ўраган ўқувчига қаматаман, дея қўрқитяпти» мазмунидаги ўқувчи қизнинг видеомурожаати тарқалган.
Таъкидланишича, мазкур видеомурожаатда қаматиш бўйича таҳдид қилгани айтилган тумандаги 25-умумий ўрта таълим мактабининг директори Отажонов 23 октябрь куни фарзандини уйлантириш мақсадида тўй маросимини ўтказган. Шунинг учун директор туман халқ таълими бўлими мудиридан тўй куни ишга чиқмаслик учун рухсат сўраган ва видеомуроаат тарқалган куни иш жойида бўлмаган.
Шунингдек, видеомурожаат йўллаган Избоскан туманидаги 25-умумий ўрта таълим мактабининг 11-«б» синф ўқувчиси И.Ж. 23 октябрь куни соат 08:40 да мактабга келган ва 09:40 да бошланиши керак бўлган дарсга кирмасдан, уйига кетган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан туман халқ таълими бўлими ва мактаб маъмурияти вакиллари иштирокида қизнинг хонадонига борилган. Қизнинг онаси билан суҳбат ўтказилганда она карантиндан аввал фарзанди диний либосда эмас, замонавий либосларда юрганлиги бўйича мактаб маъмурияти эътироз қилганлигини, ёз мавсумидан бошлаб қизининг кийиниш услуби ўзгарганлигини, ижтимоий тармоққа қўйилган видеомурожаатдан эса хабари йўқлигини таъкидлаган.
Бундан ташқари, суҳбат жараёнида ўқувчи қиз астрономия фани ўқитувчиси дарс жараёнида унга мактаб формасига риоя қилишини, миллий менталитетга мос услубда кийиниш лозимлигини айтганлигини, лекин қизга либоси сабаб қаматиш ёки шунга ўхшаш чоралар қўллаш бўйича босим бўлмаганлигини таъкидлаган. Шунингдек, қиз мактаб директорини видеомурожаат тарқатган куни кўрмаганлиги ва гаплашмаганлигини, мурожаат қилаётган вақтида ҳиссиётга берилган ҳолда қаматиш бўйича гап-сўзларни қўшиб юборганлигини билдирган.
Бундан аввал Тошкентда ҳижобдаги аёллар тутилиб, сўроқ қилинаётгани айтилган видео юзасидан расмий муносабат билдирилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Тошкент туман ҳокимлиги ҳудудда ҳижоб ўраган ва намозхон ўқувчилар рўйхати тузилганини тан олгани маълум қилинганди.