Ўзбекистонда давлат органлари томонидан қатор ҳужжатларни талаб қилиш тартиби бекор қилинди
«Давлат хизматларини кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.

Қайд этилишича, 2022 йил 1 январдан давлат органлари тадбиркорлик субъектларидан ва фуқаролардан қатор ҳужжатларни талаб қилиш тартиби бекор қилинди. Унга кўра:
- тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини;
- лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилингани тўғрисида тасдиқнома мавжудлиги бўйича маълумотларни;
- давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўлангани тўғрисида маълумотларни;
- қимматли қоғозлар, қимматли қоғозлар билан амалга оширилган операциялар, дивидендлар олингани тўғрисидаги маълумотларни;
- кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олингани тўғрисида маълумотларни;
- жисмоний шахслар томонидан тўланган ва олинган алиментлар тўғрисида маълумотларни;
- олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотларини;
- жисмоний шахс ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатгани ҳақида маълумотларни;
- жисмоний шахс умумий ўрта таълим (11-синф негизида) муассасасини тугатгани ҳақида маълумотларни;
- фуқаро «Ёшлар дафтари» ёки «Аёллар дафтари»да мавжудлиги тўғрисида маълумотларни;
- ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотларни;
- олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотларни;
- молиявий ҳисобот нусхаларини;
- жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномаларни;
- ижтимоий нафақа ва пенсия тўлангани тўғрисидаги маълумотномалар талаб қилинмайди.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга хизмат кўрсатишда, ишга қабул қилишда ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда юқоридагиларни «Электрон ҳукумат» платформаси орқали олиши белгиланди.





