Қозоғистон 7 та мамлакат билан халқаро парвозларни босқичма-босқич тикламоқчи
Қозоғистон расмийлари 17 августдан 7 та мамлакат билан халқаро парвозларни босқичма-босқич тиклашга қарор қилди. Бу ҳақда Қозоғистон фуқаролик авиацияси қўмитаси хабар берди, деб ёзади «РБК».
Хабарда айтилишича, Россия билан авиақатновларни тиклаш учун Москванинг рухсати керак.
Россия билан бир қаторда Қозоғистон Беларусь, Украина, Германия, Нидерландия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Миср билан авиақатновларни тиклашни режалаштирмоқда.
Қўмитанинг таъкидлашича, ушбу мамлакатлар санитар-эпидемиологик тартибларга риоя қилиш шарти билан парвозларни тиклашга розилик билдирган. Бунга йўловчиларнинг ҳароратини текшириш, ижтимоий масофага амал қилиш, тиббий ниқоб тақиш ва ПЗР назорати киради.
Остона ушбу давлатлар билан мунтазам йўловчи рейсларни тиклаш масаласи ишлаб чиққан. Рейслар сони ҳар бир йўналишда ҳаво кемасининг тижорий юкига боғлиқ бўлиб, авиақатновлар ҳақидаги ҳукуматлараро битимлар билан белгиланади.
Маълумот учун, Қозоғистонда март ойининг ўртасида коронавирус тарқалгани сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди. Хусусан, мамлакатда карантин жорий қилиниб, жамоат тартиби ва муҳим давлат объектларини қўриқлаш кучайтирилган, савдо марказлари, кинотеатрлар, кўргазмалар фаолияти тўхтатилган, оммавий тадбирлар тақиқланган эди. Шунингдек, мамлакатга кириш-чиқиш чекланганди.
Фавқулодда ҳолат режими 11 майга қадар давом этган.
Июль бошидан ҳукумат яна карантин қоидаларини кучайтирди, ҳудудлараро автобуслар қатновини тўхтатди, баъзи ташкилотлар, гўзаллик салонлари ва кинотеатрлар фаолияти чекланди. Кейинчалик карантин шу ҳафтанинг охирига қадар узайтирилди. 11 август куни расмийлар карантинни босқичма-босқич юмшатишни режалаштираётганини маълум қилди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда карантин чоралари 15 августдан юмшатилишини маълум қилган эди.