Самарқанд шаҳрида 16 йил олдин кўмиб ташланган ерости йўли қайта тикланади

Самарқанд шаҳридаги Амир Темур ва Алишер Навоий кўчалари кесишмасида қурилган ва 2004 йилда кўмиб юборилган ерости ўтиш йўли 16 йилдан сўнг тикланади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати «Теz News»га хабар берди.

Фото: Самарқанд шаҳр ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, Амир Темур кўчасидаги ерости ўтиш йўли қаровсиз қолгани сабабли 2004 йилда кўмиб юборилган ва анча йиллар давомида эътибор берилмаган. Вилоятнинг собиқ ҳокими Рустам Холмуродов раҳбарлиги даврида кўмиб ташланган йўлакка Эркин Турдимов даврида эътибор қаратилди. Алишер Навоий кўчасида автомобиллар ҳаракатланмайди, йўл тўлиқ пиёдалар юриши учун мослаштирилганлиги айтилган.

Фото: Самарқанд шаҳр ҳокимлиги ахборот хизмати

Айни вақтда эса ерости йўлининг ҳолати ўрганилиб, таъмирлаш чоралари кўрилмоқда.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрининг Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида лойиҳа қиймати 67 миллиард сўм бўлган туннель қурилиши бошлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар