Самарқандда сўнгги 7 ойда 2 185 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

Самарқанд вилоятида 2020 йил бошидан буён 2 185 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти матбуот уйида бўлиб ўтган брифингда вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров биринчи инстанцияда судларга кўриш учун 16 885 нафар шахсга нисбатан жами 13 281 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар келиб тушганини маълум қилган. Таҳлилларга кўра, прокуратура органларининг 989 нафар, солиқ идораларининг 1591 нафар, ички ишлар органларининг 11 721 нафар шахсга нисбатан маъмурий ишлари кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида 8 548 та маъмурий ишлар бўйича 10 125 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган. Шундан 6 735 та маъмурий иш бўйича 7 871 нафар шахсга нисбатан жарима жазоси ҳамда 1 744 та маъмурий иш бўйича 2 185 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Шунингдек, 88 та иш 147 нафар ҳуқуқбузарлар ҳаракатида жиноят аломатлари бор-йўқлигига баҳо бериш учун прокуратура идораларига юборилган. Яна 129 та иш бўйича 511 нафар шахсга нисбатан суриштирув давомида йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш учун суриштирув органига қайтарилган. Ҳисобот даврида 3 та шахсга нисбатан очилган 3 та иш вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга юборилган.

Хабар берилишича, ишлардан 56 таси бўйича 78 нафар шахснинг ҳаракатида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги боис тугатилиб, мазкур ишлар бўйича маъмурий баённома тузган мансабдор шахсларга нисбатан тақдимнома киритилган.

Маъмурий судлар томонидан ўтган 6 ойда кўрилган ишлари бўйича 8 миллиард 365 миллион 700 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда 15 нафар маҳкум муддатидан олдин озод қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинчалик Самарқандда 2020 йил бошидан буён 405 нафар маҳкум озод қилингани маълум қилинганди.

Янгиликлар