Шавкат Мирзиёев Шимолий иқтисодий ҳамкорлик II халқаро форумида иштирок этди

Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан 30 октябрь куни Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтган Шимолий иқтисодий ҳамкорлик иккинчи халқаро форумида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, Мун Чже Ин ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Қозоғистон, Туркманистон ва Мўғулистон етакчилари ҳам иштирок этган. Кун тартибига мувофиқ, коронавирус инфекцияси глобал миқёсда тарқалишининг салбий оқибатларига қарши биргаликда курашиш ва саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилган.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида жаҳондаги вазият ва глобал инқироз шароитида шундай кўп томонлама мулоқот хатар ва таҳдидларга қарши туриш учун имконият яратиб, Ўзбекистон барқарорлиги, фаровонлиги ва изчил тараққиётини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаган.

Шу муносабат билан Президент халқаро сиёсатнинг энг муҳим жиҳатлари ва минтақавий ҳамкорлик истиқболларига тўхталиб ўтган. Хусусан, COVID-19’га қарши курашиш учун яқин мувофиқлашув ва кенг халқаро ҳамкорлик зарурлиги қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Муҳим йўналишларда, шу жумладан, Корея компаниялари билан биргаликда ташкил этилаётган фармацевтика кластери негизида вакцина ва зардоблар, касалликларни тез ва аниқ ташхислаш тизимларини ишлаб чиқиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш таклифи билдирилган.

Бундан ташқари, замонавий лабораториялар яратиш ва чегаралардаги санитария назорати пунктларини модернизация қилиш, малакали врачларни тайёрлаш, тиббий чиқиндиларни утилизация қилиш корхоналарини ташкил этиш, минтақада эпидемиологик вазиятни мониторинг қилиш ва барвақт прогнозлаштиришнинг интеграциялашган тизимини ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни Шимолий иқтисодий ҳамкорлик II халқаро форумида иштирок этиши ҳақида хабар берилганди.

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акарни қабул қилгани ҳамда Ўзбекистон АҚШнинг «Хотин-қизлар иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳаракатларга даъвати» форумида иштирок этгани ҳақда хабар қилинган.

Янгиликлар