Фарҳод Маннопов вафот этган «Star Med» вақтинча ёпилди

«Mittivine» тахаллуси билан ижод қилган блогер Фарҳод Маннопов вафот этган Тошкентдаги «Star Med Center» клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Унга кўра, дастлабки ўрганишларда аниқланишича, бемор Фарҳод Маннопов жорий йил 3 март куни Тошкент шаҳридаги «Star Med Center» клиникасига бурундан нафас олишнинг қийинлашуви, вақти-вақти билан бош оғриғи шикоятлари билан мурожаат қилган.

Марҳум клиникага келишидан бир кун аввал чўмилиш пайти пешона ва бурун соҳаси билан сузиш ҳавзаси деворига урилган ва жароҳат олган. Ўтказилган лаборатор таҳлиллар ва МСКТ текширувларидан сўнг унда бурун тўсиғининг қийшайиши, гаймор бўлиқлари гиперплазияси, ўрта ва пастки бурун чиғаноқлари гиперплазияси аниқланган.

Шундан сўнг беморнинг розилиги билан унда тегишли жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Фуқарога риносептопластика амалиёти учун эндотрахеал наркоз берилган.

Бироқ операция даврида марҳумнинг аҳволи тўсатдан ёмонлашган. Олиб борилган интенсив ва реанимацион даво чораларига қарамасдан жорий йил 5 март куни соат 03:22 лар чамаси унда биологик ўлим қайд этилган.

«Айни пайтда текширувлар олиб борилаётгани сабабли «Star Med Center» клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли органлар билан биргаликда фуқаро Фарҳод Маннопов вафоти юзасидан белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб бормоқда», дейди Жалолиддин Асамутдинов.

Янгиликлар