АҚШ ва Хитой 90 кунлик божхона имтиёзлари бўйича келишувга эришди

АҚШ ва Хитой ўзаро савдо урушини юмшатиш мақсадида, 90 кун давомида жорий қилган божларни пасайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

АҚШ молия вазири Скотт Бессентнинг айтишича, томонлар ҳар икки давлат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, мавжуд тарифларни сезиларли даражада камайтиришга рози бўлган. 

Шунингдек, Хитой импортининг катта қисмига нисбатан қўлланадиган 145% лик АҚШ божлари, жумладан, фентанилга боғлиқ ставка ҳам 30% гача пасайтирилади. Ўз навбатида, Хитойнинг Америка товарларига нисбатан жорий этган 125% лик божхона тўловлари эса 10% гача туширилади.

Янги келишув эълон қилингач, халқаро молия бозорлари ижобий жавоб қайтарди: АҚШ доллари мустаҳкамланиб, фонд бозорларида ўсиш кузатилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Хитой глобал иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатаётган савдо урушини юмшатиш бўйича музокаралар бошлаши ҳақда хабар бергандик.

 

Жаҳон