Фуқароларни АҚШга ноқонуний йўллар билан юборишга уриниш ҳолатлари аниқланди
Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фуқароларни АҚШга ноқонуний тарзда юборишга уриниш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро бир хорижий фуқаронинг ишончига кириб, уни ва 4 нафар оила аъзосини ҳар бирини $30 мингдан, жами $150 минг эвазига Туркия орқали АҚШга ишлаш учун юборишни ваъда қилган. У виза ҳужжатларини таниш мансабдорлари орқали тайёрлаб бериш баҳонасида олдиндан $15 минг олган вақтда қўлга олинган.
Яна бир ҳолатда, Тошкентда вақтинча истиқомат қилаётган, 2004 йилда туғилган хорижий фуқаро бошқа бир чет эл фуқаросини алдаб, унга сохта Британия фуқаролик паспортини тайёрлаб бериш ва бу орқали Туркия ҳамда БАА орқали АҚШга юборишни таклиф қилган. У бу хизмат учун жами $25 минг сўраган ва олдиндан $12,5 ни олган пайтда ушланган. Унинг яшаш манзилидан қалбаки паспорт ва ID-карталар ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168 моддаси 4 қисми «а» банди ҳамда 28, 211 моддаси 3 қисми «а» банди асосида жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.