Хитойда дунёдаги илк сунъий интеллект шифохонаси очилади
Пекиндаги Синхуа университети томонидан «Агент шифохонаси» номи билан дунёдаги биринчи тўлиқ сунъий интеллектга асосланган тиббиёт муассасаси ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Medium нашри хабар берди.
Хабарга кўра, ушбу муассасада 14 нафар виртуал шифокор ва 4 нафар сунъий интеллект асосидаги ҳамшира фаолият юритади. Тизим кунига 3 минггача беморни ташхислаш ва даволаш имкониятига эга бўлиб, бир неча кун ичида 10 мингга яқин ҳолатни кўриб чиқиши мумкин. Бу — одатий шифокорлар икки йилда бажара оладиган ҳажмдаги иш ҳисобланади.
Сунъий интеллект шифокорлари АҚШдаги тиббий лицензиялаш имтиҳонидан 93,06% аниқлик билан муваффақиятли ўтган. Тизим фақат тасвир таҳлили билан чекланмай, бир нечта йўналишда ихтисослашган тиббий хизматлар кўрсатади.
Лойиҳанинг етакчи тадқиқотчиси доктор Лихуа Чжаннинг сўзларига кўра, бу технология аввалги тиббий сунъий интеллект тизимларидан тубдан фарқ қилади ва мураккаб клиник ҳолатларни бошқаришда ҳам самарали бўлиши кутилмоқда.
Шунингдек, бу сунъий интеллект шифохонаси тиббий таълим учун ҳам янги имкониятлар яратади — талабаларга ҳақиқий беморларга зарар етказмасдан амалиёт ўташга шароит туғдиради.
Ҳозирча шифохона оммага тўлиқ тақдим этилмаган бўлса-да, бу ташаббус тиббиёт соҳасида янги даврни бошлаб бериши мумкинлиги айтилмоқда.