Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара ҳудудида ҳамкорлик маркази қурилади

10 апрель куни Ўзбекистон ва Қозоғистон бош вазирлари икки мамлакат чегараси ҳудудида «Марказий Осиё» халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик маркази қурилишига старт берди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири матбуот хизматига асосланиб, «Газета.уз» хабар берди.

Фото: gazeta.uz

Хабарга кўра, марказ орқали суткасига икки томонга 35 минг киши ва 5000 дона юк машиналари ўтиши мумкин бўлади ва марказ «Ғишткўприк» («Жибек Жолы») ўтказиш пункти ҳудудида қурилади.

Қайд этилишича, йиғилишда томонлар савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм, космик соҳа, саноат, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни асраш, минтақалараро ва чегаравий ҳамкорлик ҳамда бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.

Фото: gazeta.uz

Таъкидланишича, марказ Ўзбекистон ва Қозоғистон иштирокидаги қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун йирик саноат ва савдо-логистика майдони бўлиши кутилмоқда. Саноат кооперациясининг энг истиқболли йўналишлари сифатида ишлов бериш сектори, қишлоқ хўжалиги саноати ва енгил саноат кўрилмоқда.

«Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўзаро савдо миқёсини 10 миллиард долларга етказиш масаласи устида ишламоқда. Бугун бошланаётган лойиҳа ушбу мақсадга эришишда ёрдам беради ва иккала мамлакатнинг ҳар томонлама стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлашда кўмаклашади», — деди Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин.

Шунингдек, Қозоғистон томони икки мамлакат ўртасида ягона товар ўтказиш тизимини ташкил этишдан манфаатдор эканлигини билдирди. Буни Ўзбекистоннинг Сурхандарё ва Фарғона вилоятларида йилига 67 минг тонна ўтказиш қувватига эга бўлган улгуржи-тарқатиш марказларини очиш орқали амалга ошириш таклиф этилган. Инвестицияларнинг умумий ҳажми 22,5 миллион долларни ташкил этади.

Янгиликлар