Сурхондарёдаги конда нефть сақловчи суюқлик сизиб чиқди
Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «М-25» кони ҳудудида таркибида нефть сақловчи суюқликнинг ер юзасига чиқиши ҳолати юз берди. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ушбу вазиятга изоҳ берди.

Ҳодиса, 2025-йилнинг декабрь ойининг сўнгги кунларида содир бўлган. Шундан сўнг, мазкур нефт суюқлиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳудуд атрофида ҳамда сой ўзани бўйлаб қўшимча ҳимоя ҳовузлари барпо этилган.
Қайд этилишича, йиғиб олинган нефт суюқлиги узлуксиз равишда махсус майдонга олиб чиқилмоқда. У ерда ҳажми 5 000 куб метр бўлган, махсус изоляцияланган 2 та шлам ҳовузи мавжуд бўлиб, у нефт суюқлигини хавфсиз сақлаш ҳамда кейинчалик ундан самарали фойдаланишга имконин беради.
Ҳозирги кунда ҳолат доимий мониторингда бўлиб, нефт суюқлиги жиловланган. Дастлабки кунларда чиқиб каналга оққан нефт суюқликларини тозалаш ишлари олиб борилмоқда, — дейилади хабарда
Шу билан бирга, нефт суюқлиги намунаси бўйича таҳлил ишлари олиб борилмоқда. Унинг натижаларига асосан қайта ишлаш имкониятлари ўрганилади, геологик тадқиқотлар эса давом этмоқда.





