ИИВ «свет»сиз Ўзбекистонда тартибни сақлашга қўшимча қанча ходим жалб қилинганини очиқлади
Ўзбекистон бўйлаб 25 январь куни электр энергияси таъминотида кенг кўламли узилиш бўлиши оқибатида йўлларда светофорлар ишламай қолганда ҳаракатни тартибга солиш учун Ички ишлар вазирлигининг барча шахсий таркиби жалб этилган.

«Мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотининг фавқулотда узилиши оқибатида, жамоат тартибини сақлаш, йўлларда тартибни таъминлаш, фуқаролар ва уларнинг мулкларига зиён етказилишини олдини олиш тадбирларига Ички ишлар вазирлигининг барча шахсий таркиби жалб этилган», дейилади расмий хабарда.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтда, республикада мавжуд патруллик йўналишларига қўшимча равишда 6600 дан зиёд йўналишлар ташкил этилиб, 1400 дан ортиқ махсус автотранспорт ва 12 минг нафардан ошиқ шахсий таркиб хизмат олиб бормоқда.
Вазирлик фуқаролардан хавфсизлик чоралари вақтинча кучайтирилганлигини тўғри қабул қилган ҳолда, ходимларнинг талабларига сўзсиз риоя қилишларини ва имкон қадар тунги вақтларда уйда бўлишларини сўраган.




