Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Aмур вилоятига жўнатилган фуқаролар юзасидан баёнoт берди

Ўзбекистондан 31 июль куни 144 нафар фуқаронинг ташкиллаштирилган ҳолда Россиянинг Aмур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетгани хабар қилинганди.

Баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ушбу фуқароларнинг Россиянинг мазкур ҳудудида июль ойида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида тартибсизликлар юз берган ташкилотга жўнатилгани ҳақида изоҳлар билдирилмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикасининг қатор масъул ташкилотлари саъй-ҳаракатлари билан эришилган келишувга мувофиқ, «labor migration» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган фуқаролар Aмур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун жўнатилган. Уларнинг Россияда ишлаши доимий мониторинг қилиб борилади. Иш берувчи ташкилотнинг эса 13 июль куни ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида тартибсизликлар юз берган ташкилотга алоқаси йўқ.

Шунингдек, Aмур вилояти Свободный туманидаги «Renaissance Heavy Industries» компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида юз берган ҳодиса Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан назоратга олингани, мазкур масала бўйича Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлари билан мулоқот бошлангани маълум қилинган эди.

31 июль куни жўнаб кетган 144 нафар фуқароларнинг Ўзбекистондан самолётда учиб бориш, яшаш, патент ва бошқа харажатлари иш берувчи томонидан тўлаб берилиши, шунингдек, уларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 40—60 минг рублни ташкил этиши белгиланган.

«Ташқи меҳнат миграсияси агентлиги ўз фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай масала юзасидан жамоатчилик учун очиқликни таъминлашга тайёр.

Шу билан бирга, хориждаги меҳнат мигрантларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, чет элда ишлаш истагидаги юртдошларимизни хавфсиз, тартибли ва қонуний тарзда ишга жалб қилиш борасидаги ишларини давом эттиради», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига янги раҳбар тайинланган эди. Шунингдек, хориждаги фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш ишларини ташкил этишда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатга эга эмаслиги маълум қилинган.

Янгиликлар