Тиббиёт ходимлари учун коронавирус беморларини аниқлаш ва даволаш бўйича қўлланма янгиланди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмаларнинг олтинчи нашри тасдиқланиб, жойларга етказилмоқда. Бу ҳақида ССВ матбуот котиби хабар берди.

Маълумотларга кўра, ушбу қўлланмани тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ таркибига кўшимча равишда кардиолог, пульмонолог ва педиатр каби мутахассислар ҳам киритилган. Шунингдек, коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган муассасаларда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари, жумладан, реаниматологлар ҳам қўлланмани ишлаб чиқишда бевосита иштирок этди.

Унда акс этган кўрсатмалар, тез тиббий ёрдам ва умумий амалиёт шифокорлари, юқумли касалликлар ҳамда болалар юқумли касалликлари бўйича мутахассислар, шунингдек, терапевт, педиатр, пульмонолог, оториноларинголог, кардиолог, неврапотолог, акушер-гинеколог, реабилитация терапевти, соғлиқни сақлаш ташкилотчилари ва ҳамширалар фойдаланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, қўлланмада коронавирусга чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатаётган нодавлат тиббиёт муассасалари ходимлари учун ҳам муҳим маълумотлар берилган. Мазкур янгиланган нашрдаги COVID-19 тасдиқланган ёки пневмония касаллигига шубҳа қилинган беморни аниқлаш ва даволаш жараёни схемалаштирилган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 4 август соат 17:00 ҳолатига кўра, 254 нафарга кўпайиб, 26 804 нафарни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда 17 838 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (66 фоиз) соғайган. Мамлакатда 8803 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Янгиликлар