«Қаламингиз ҳамиша ўткир, сўзингиз ҳаққоний бўлсин» — Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Президенти матбуот ва ОАВ ходимларини табриклади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан табриклади. Табрик матни давлат раҳбарининг матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
Сиз, азизларни – мамлакатимизнинг босма ва интернет нашрлари, телерадиоканаллар, ахборот ва медиа хизматларида, нашриёт ва матбаа корхоналарида сидқидилдан меҳнат қилаётган ижодий ва техник ходимларни, заҳматкаш журналистлар, муҳтарам фахрийларни касб байрамингиз билан чин қалбимдан табриклайман. Мен сизларни – юксак билим ва салоҳиятга эга, ватанпарвар барча журналистларни ўзим учун доимий маслакдош, жонкуяр дўст деб билишимни яна бир бор изҳор этаман, — деб таъкидлади давлат раҳбари.
Президент бу йил ушбу қутлуғ айём миллий матбуот асоси – жадид боболар томонидан «Тараққий» газетаси ташкил этилганига 120 йил, мамлакат радиоэшиттиришлар илк бор тажриба тариқасида узатилганига 100 йил тўлган кунларда нишонланаётгани унга алоҳида шукуҳ бағишлашини билдирди.
Шавкат Мирзиёев «бундан ўн йил олдин демократия, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари, «Инсон қадри учун, инсон бахти учун!» деган эзгу ғояга таянган ҳолда Янги Ўзбекистонни қуришга киришилганини таъкидлади.
Жумладан, жамиятда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини кенгайтириш, ахборот соҳасини рақамлаштириш ва замонавий медиамаконни шакллантириш борасида эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда.
Яратилган мустаҳкам ҳуқуқий асос, берилган имтиёз ва преференциялар натижасида соҳанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, унинг таркибида хусусий секторнинг улуши йилдан йилга ошиб бормоқда. Ҳозирги кунда қарийб 2 минг 700 та оммавий ахборот воситаларининг 67%, ноширлик субъектларининг 90% ортиғи, матбаа корхоналарининг 83% нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келмоқда.
Жорий йилда нашриётларнинг ишлаб чиқариш қуввати ўтган йилга нисбатан икки баробар ортиб, ўртача 15 минг номдаги жами 60 миллиондан ортиқ нусхада китоблар нашр этилди.
Мазкур кўрсаткичлар мамлакатда ахборот соҳасини либераллаштириш, китобхонлик маданиятини ошириш, медиа фаолиятини қўллаб-қувватлаш ишлари ҳамда ахборот хизматлари бозори кенгайиб бораётганидан далолат бериши таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш, унинг нуфузини ошириш ва ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий ва информацион-технологик ёрдам кўрсатиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда касбий бирдамлигини таъминлаш каби масалаларга жиддий эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.
Муҳтарам матбуот аҳли! Фурсатдан фойдаланиб, бугунги қувончли сана муносабати билан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган соҳа ходимларини чин қалбимдан самимий табриклайман. Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, фаолиятингизда янги муваффақиятлар тилайман. Қаламингиз ҳамиша ўткир, сўзингиз ҳаққоний ва таъсирчан, ижодингиз баракали бўлсин, — деди президент.





