Ўзбекистонда 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чекланиши мумкин
Тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда 16 ёшдан кичик бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримовага таяниб Gazeta.uz хабар бермоқда.
Вазирдан дунёнинг кўплаб мамлакатларида вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш бўйича ташаббуслар илгари сурилаётганини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонда ҳам шундай чораларни жорий этиш мумкинми, деб сўрашди.
Эъзозхон Каримова ушбу масала депутатлар ва сенаторлар билан аллақачон муҳокама қилинганини таъкидлади. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш режалаштирилмоқда.
Биз ҳам ҳозир ушбу масалани ўйлаяпмиз. Бу бўйича депутатларимиз ва сенаторларимиз билан ҳам гаплашдик. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўймоқчимиз. Бу тартиб бизда ҳам бўлиши керак, деб ўйлайман, — дейди вазир.
Каримова болаларни телефонлардан бутунлай маҳрум қилишнинг иложи йўқлигини, бироқ улардан фойдаланиш маданияти ва оқилона меъёрларини шакллантириш муҳимлигини таъкидлади.
Ҳозир техника асри, болаларимиздан телефонларни юлиб ололмаймиз. Албатта, телефон керак. Аммо ундан фойдаланиш маданияти ва меъёри ҳам бўлиши зарур. Ўқувчининг мактабга киришдан олдин телефонини қолдиришга оид буйруқ чиққан ва одоб-ахлоқ қоидалари ҳам мавжуд. Лекин бу қоидалар қаердадир ишлайди, қаердадир эса ишламайди. Буни эндиликда қаттиқ назоратга олиб, 16 ёшгача бўлган болаларимизни ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни қонун билан чекламоқчимиз, — дейди Эъзозхон Каримова.





