Тўрақўрғонда ҳужжатларни сохталаштирган мансабдор 276 млн сўм мукофот пулини ўзлаштиргани аниқланди

Бош прокуратура биносида 7 ноябрь, шанба куни коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Наманган вилояти Тўрақўрғон туман бандликка кўмаклашиш маркази директори соҳта ҳужжатлар билан банкдан мукофот пули сифатида олган жами 276,4 миллион сўм пулни ўзлаштиргани маълум қилинди. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган «Тez News» мухбири хабар берди.

Аниқланишича, марказ директори Э.Г. 3 нафар ходими билан тил бириктирган ҳамда 2019 йилги пахта мавсумида тўрақўрғонлик 327 нафар ишсиз Тошкент ва Жиззах вилоятларига теримга жалб этиб, уларга жамоат ишлари жамғармасидан мукофот пули берилиши ҳақида сохта ҳужжатларни тузган. Шунингдек, соҳта ҳужжатлар билан банкдан мукофот пули сифатида олган жами 276,4 миллион сўм нақд пулларни ўзлаштирган.

Қолаверса, жиноятчи 6 та сохта фирмани яқинлари номига ташкил қилиб, 325,5 миллион сўм маблағни талон-торож қилган. Таъкидланишича, ушбу фирмаларга пандемия даврида 179 нафар киши жамоат ишлари учун юборилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тузилган.

Э.Г. жиноий йўл билан топилган маблағлар ҳисобига 2 та «Lacetti» ва 2 та «Damas» автомашинасини сотиб олган. Ҳозирда Э.Г. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олинган, тергов ўтказилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Қўшработ ва Нарпай ҳокимлари салкам 400 миллион сўмга хизмат автомобиллари харид қилгани ва ўтган 2 йилда 166 нафар банк мансабдори муҳтожларга ажратилган маблағларни талон-торож қилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар