«Учовини олиб кириб тиқиб қўйдим 15 суткага» — Шуҳрат Абдураҳмонов 3 аёлни қаматганини айтган аудио тарқалди
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов йиғилиш пайтида кўчада шовқин кўтарган 3 аёлни қаматганини айтган аудио ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Аудиохабарга кўра, ҳоким ОАВ вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманидаги журналистлар ҳақида гапирган.
«Ўтган куни журналистлар билан пресс-конференция ўтказдим. 50 та ташкилотни чақиришибди, шулар билан савол-жавоб қиламиз, деб. Ҳаммасини ҳайдаб юбордим. Мен билан савол-жавоб қилиш деяпман, мен жавоб бераман саволларингга дедим. Булар ҳаммаси менинг топшириғимни бажарган. Нима саволинг бўлса бер. Икки ярим соат гапиргандим, савол беришолмади биттаси ҳам.
Энди қизиғи чиқмай қолади, 1–2 та савол бериб қўйинглар, дедим. Қичиқ савол бергиси келди-да. Сўзимни бошида айтиб қўйдим:
Мен, эшитишиб ол, Тошкентдан келган бўлсанг ҳам, қаердан келган бўлсанг ҳам, ишлайдиган ҳокимман, дедим. Ҳамма нарсамни — соғлиғимни ҳам тикиб қўйяпман, дедим. Менга қичиқ савол беришмагин, дедим. Нормалний савол бер, нормалний гаплашамиз, дедим. Агар қитиғимга тегсанг, мен қўйвораман, дедим. Қаттиқроқ гапириб юбораман, эртага ҳаммаёқ сенсация бўлиб кетади. Нормалний, соғ одамга ўхшаб гаплаш мен билан, дедим.
Барибир уларники қўзиб турадию, айлантириб келганди бир-иккитаси, тарсиллатиб уриб қўйганимдан кейин ҳеч нарса деёлмасдан, уёққа бориб, бошқа фамилия билан бир нарсалар чиқариб ётибди.
Э, эркакмисан, ҳезалак, ўзингнинг номингдан ёз! Менга Ҳасанбой келиб қатнашяпти, уёққа бориб Ҳусанбойнинг номидан чиқаришяпти», – деган Шуҳрат Абдураҳмонов.
Андижон ҳокими аудиохабар давомида марҳаматлик 3 аёлни 15 суткага «тиқиб қўйгани»ни айтиб ўтган.
«Чарчаб чиқсам, 5–6 одам қабулда турган экан. Қабул қилмайман, дедим. Кейин улар роса шаллақилик қилди ўша ерда. Мана, ҳозир шунақа ‘милийʼ бўлиб ўтиришибди 15 суткага қаматиб қўйганимдан кейин…
Кечагина Марҳаматда йиғилиш ўтказсам, йиғилиш қилаётган пайтимда ташқарида биттаси бақиряпти. Чиқсам, бешта шаллақи. Иккитаси ногирон, учтаси ‘анақа’. Ногиронга тегмадим, учовини олиб кириб тиқиб қўйдим 15 суткага. Ана, марҳаматликлар бўлса айтсин, шунақа жимжит бўлиб қолди Марҳамат ҳам.
Марҳаматга келганда юрагим безилларди. 5—6 та хотиннинг дастидан. Тиқиб қўйдим обориб. Ҳамма нарсани гапираверадими? Оғзига зеб берганди. Шарт ҳужжат қилдирдим, олиб кириттириб қўйдим. Вилоят ҳокимига, Президент вакилига сассиқ гапиргани учун. Давлат бор, Худога шукур», — деган вилоят ҳокими.
Аввалроқ Андижон вилояти ҳокимлиги биноси олдида аҳоли томонидан норозилик уюштирилгани ҳақида хабар қилинган эди.
Шунингдек, Муниса Ризаева Андижон ҳокимининг уйидаги маросимда хизмат қилгани ҳамда Шуҳрат Абдураҳмонов Андижонда Президент командаси шаклланганини айтгани маълум қилинган.