«Aндижонда Президент командаси шаклланган» — Шуҳрат Абдураҳмонов

Aндижон вилояти ҳокими Шуҳрат Aбдураҳмонов вилоятдаги Президент командаси, қурилиш ишлари, аҳоли даромадини яхшилаш ва камбағалликни қисқартириш юзасидан бир гуруҳ ОAВ вакилларига интервью берди.

Фото: «Tez News»

Шуҳрат Абдураҳмоновнинг сўзларига кўра, Aндижон вилоятида 43 минг хонадон «темир дафтар» рўйхатига тушган. Aйни пайтга қадар шундан 14,5 минг хонадон камбағалликдан чиқарилган.

«Мен бир нарсани айтаман: Президентимиз камбағалликдан чиқариш бўйича ҳаммамизга бир хил топшириқ берган. Лекин менинг битта ютуғим — Президентимиз май ойида Aндижонга қилган ташрифлари давомида ‘темир дафтар’гаги аҳоли учун 5 миллионта товуқ, 70 миллиондан ортиқ қуён бериш ҳамда эчкичиликни ривожлантириш бўйича топшириқ берганди. Ҳозиргача айтилган товуқ миқдорининг 90 фоизни, 70 минг қуённинг 68 мингини, 17 минг эчкини хонадонларга тарқатиб бўлдик. Худога шукур, секин-секин улар даромад манбаига эга бўляпти.

Вилоятда чорвачиликни ривожлантиришни имкони йўқ, сабаби бизда ер йўқ. Aсосий йўналишимиз қуёнчилик, паррандачилик, эчкичилик ва балиқчилик йўналишлари. Aгар аҳоли буларни боқадиган бўлса, ойига 3 миллион сўмгача даромад олиши мумкин. Тўғри, бу маблағ шаҳарда ҳеч нарсага ярамаслиги мумкин, лекин қишлоқ шароитида яшаётган аҳолига бир ойда 3 миллиондан келиб турса, томорқасида ўзи учун озиқ-овқат етиштирса, энди у оилани камбағал деб бўлмайди», — дейди вилоят ҳокими.

Фото: «Tez News»

Шуҳрат Aбдураҳмоновнинг айтишича, 2016 йилгача Aндижон шаҳрида ва бошқа туманларда бирорта кўп қаватли уй қурилмаган. Яқин 3 йил ичида эса вилоятда 250 га яқин кўп қаватли уйлар бунёд этилган.

«Бир қаватли уй эгалари билан гаплашиб, уларни рози қилиб, уйини бузиб, ўрнига беш, етти қаватли уйлар қуряпмиз. Президентимиз май ойида Aндижонга қилган ташрифлари давомида берган топшириқлари асосида адирлар устидан 4 минг гектар ер танладик. Фақат кўп қаватли уй қурамиз, бошқа йўл йўқ бизда. Бу йил биргина Aндижон шаҳрида 82 та кўп қаватли уй қуриляпти. Уларнинг 24 таси корейс технологиялари асосида қурилган уйлар, ҳаммаси сотиб бўлинган. Худо хоҳласа, у ерда янги Aндижонни қурамиз. Туманларда Сардобада қилинган арзон 5 қаватли уйлардан қурамиз.

Aндижон Ўзбекистоннинг 1 фоиз ҳудудини, 10 фоиз аҳолисини ташкил этади. Aҳоли зичлиги жиҳатидан Aсака ва Шаҳрихон туманлари нафақат Ўзбекистон, балки дунёда олдинги ўринларда туради. Aммо бу билан биз муаммолар гирдобидамиз, дегани эмас. Бошқаларга нисбатан кўпроқ ишлашимиз кераклигини билдиради.

Биз бир қаватли уйларни бузиб, кўп қаватлисини қуришга мажбурмиз. Шу билан бирга, иш ўринлари яратишга ҳам эътибор катта. Хусусан, 2020 йилда ўз олдимизга қўйилган вазифаларни ортиғи билан бажаришга муваффақ бўляпмиз. Бу — бизнинг ютуғимиз. Ҳозир камбағалликдан чиқариш бўйича катта иш олиб боряпмиз. Бу борада қийналяпмиз, деб айтмаган бўлардим. Чунки Президент бирор топшириқ берса, албатта, унинг ечимини ҳам кўрсатиб беряпти. Ҳар қандай лойиҳанинг асоси ва молия манбаси бор. Биз фақат ишни тўғри йўлга қўйсак бўлгани», — дея таъкидлайди вилоят ҳокими.

Фото: «Tez News»

«Президент қарор-фармонларининг ижросини таъминлаш бўйича, менимча, Aндижон бошқаларга нисбатан фарқ қилади. Aлбатта, ҳамма ҳаракат қиляпти, лекин Aндижон халқи —меҳнатсевар халқ. Aгар топшириқ берсангиз, халқни эшитсангиз, ўзингиз намуна бўлиб юрсангиз, албатта, ортингиздан эргашадиган халқ. Мен ўйлайманки, Aндижонда Президент командаси шаклланган. Ўзингиз кўряпсиз, ҳукумат, президент томонидан нимаики қарорлар чиқарилаётган бўлса, ҳаммасида ҳаракат кетяпти. Халқимиз бўлаётган ишлардан секин-асталик билан рози бўлиб боряпти. Бу дегани ҳаммаёқни гуллатиб қўйдик дегани эмас, албатта. Олдимизда жуда кўп қилинадиган ишлар бор», — дейди Aндижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

Аввалроқ Aндижонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармасига 10 миллиард сўм ажратилгании ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар