Ўзбекистонда машина харид қилиш учун олдиндан тўлов миқдори камайтирилади

Ўзбекистонда машина харид қилиш учун олдиндан тўлов миқдори 50 фоизгача камайтирилади.

Таъкидланишича, Президент «Ўзавтосаноат» АЖ раиси Шавкат Умурзоқовга ишлаб чиқаришни ошириш ва аҳолининг талабини тўлиқ қондириш бўйича тинимсиз ишлаш юзасидан топшириқ берган.

Шунингдек, жаҳонда микрочиплар ишлаб чиқариш ва халқаро логистика билан боғлиқ муаммолардан келиб чиқиб янги ёндашув ва ечимлар топиш зарурлиги қайд этилган. Умуман, машинасозлик тармоғи саноатнинг драйвер соҳаларидан бири бўлиши кераклиги таъкидланган.

Бу борада беш йиллик Тараққиёт стратегиясида автомобиль ишлаб чиқаришни 1,4 баробарга, экспортини эса 2 баробарга ошириш белгилаб олинган.

Шу муносабат билан 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш, «UzAuto Motors» автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Умурзоқов зиммасига бир ҳафта муддатда автомобиль савдосида очиқ-ошкора ва инсон омилидан холи тизимни йўлга қўйиб, сунъий навбатлар ва коррупцион ҳолатларни таг-томири билан йўқ қилиш учун шахсий жавобгарлик юкланган.

Янгиликлар