Тошкент вилоятида ер майдонини 1,3 млн долларга расмийлаштириб беришни ваъда қилган шахс ушланди

Тошкент шаҳрида ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида ер ресурсларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатга чек қўйилди.

ИИВ Тезкор-қидирув департаменти хабарига кўра, 26 январ куни ИИВ Тезкор-қидирув департаменти жиноят қидирув хизмати Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри Яшнобод туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида аниқланишича, МЧЖнинг 47 ёшли таъсисчиси бошқа бир фуқарога Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги МЧЖга ажратилган 6,7 гектар ер майдонини жами 1 миллион 340 минг долларга ва у ерга туташ бўлган туман ҳокимлиги захирасидаги 2 гектар ер майдонини 10 минг доллар эвазига 10 йил муддатга фойдаланиш учун Кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Ҳамкорликдаги тезкор тадбир давомида гумонланувчи Яшнобод тумани Боткина кўчасидаги кафеда аванс тариқасида 50 минг доллар миқдордаги пулни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар