Ўзбекистондаги тиббиёт ОТМларида 2021 ўқув йилида қанча хорижлик талаба таълим олиши маълум бўлди
Ўзбекистондаги тиббиёт ОТМларида 2021 ўқув йилида 10 минг нафар хорижлик талаба таълим олиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, ҳозирда тиббиёт олий ўқув юртларида 16 та мамлакатдан 1500 нафарга яқин хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Мамлакатда тиббиёт соҳаси учун 9 та олий таълим муассасаси ва уларнинг 2 та филиалида малакали кадрлар тайёрланмоқда.
Маълумотларга кўра, бакалавриат ва магистратура босқичлари қабул квоталари 25 фоизга, клиник ординатура квоталари эса 30 фоизга оширилган. Шунингдек, 6 та янги таълим йўналиши, 17 та янги мутахассислик ташкил этилган. Ҳар йили 500 нафарга яқин хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистонга ташрифи ва қарийб 600 нафар маҳаллий мутахассисларнинг хорижда узоқ муддатли малака ошириш тизими йўлга қўйилган.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасига кадрлар тайёрлаш борасида хорижий тиббиёт таълим муассасалари билан ҳамкорлик, уларнинг факультетлари ва филиалларининг очилиши, икки томонлама диплом бериш тизимини йўлга қўйиш бўйича Россиянинг 17 та, Италиянинг 2 та, Корея Республикасининг 2 та олий таълим муассасаси, қолаверса, Германия, Испания, Туркия, Хитой ва Ҳиндистон олий таълим муассасалари билан шартнома ва келишувлар имзоланди.
2021–2022 ўқув йилида эса Ўзбекистонда 50 дан ортиқ давлатдан 10 минг нафардан зиёд хорижлик талабалар таҳсил олиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги 4 та ОТМда тиббиёт факультетлари ташкил этилади. Аввалроқ Ўзбекистонда сўнгги 4 йилда тиббиёт соҳасидаги қурилиш ишларига қанча маблағ сарфлангани маълум бўлган эди.