Ўзбекистондаги 4 та ОТМда тиббиёт факультетлари ташкил этилади

Президентнинг «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб 4 та олий таълим муассасасида тиббиёт факультетлари ташкил этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ЎзA

Қайд этилишича, мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, кейинги ўқув йилида Қарши давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти ва Гулистон давлат университетида тиббиёт факультетлари ташкил қилинади. Фармонга мувофиқ, уларда ва бошқа тиббий олий таълим муассасаларида етакчи хорижий тиббиёт олий таълим ташкилотлари билан қўшма дастурлар асосида ўқитиш тизими жорий қилиниши белгиланган.

Шунингдек, тиббиёт олий таълим ташкилотларининг вилоят тиббиёт муассасалари, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда клиник базалари ташкил қилинади ва уларнинг битирувчи курс талабалари ушбу клиник базаларда ўқув амалиётини ўтайди.

Aбу Aли ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежларида оилавий шифокорлар ёрдамчиларини тайёрлаш тизими жорий қилинади. Бунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари ва таклифларига асосан техникумлар ва коллежларда оилавий шифокорлар ёрдамчиларини тайёрлашнинг мутлақо янги тизимини жорий қилади.

Aбу Aли ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга бириктирилади, уларнинг ўқувчилари ихтисослигидан келиб чиқиб ушбу муассасаларда амалиёт ўтайди.

Aввалроқ Наманганда Урал давлат тиббиёт университети филиали ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқанд давлат тиббиёт институтида 2 ноябрдан анъанавий дарслар бошлангани хабар қилинган.

Янгиликлар