Ўзбекистонда тиббиёт коллежлари ва техникумларига 25 августдан онлайн қабул бошланиши маълум қилинди

Ўзбекистон Давлат комиссияси мажлисининг 11 августдаги 2-баёнига асосан, 2020/2021 ўқув йили учун коллежлар ва техникумларга 2020 йил 25 августдан 25 сентябрга қадар (25 сентябрь куни ҳам) абитуриентларнинг ҳужжатлари онлайн қабул қилинади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, вазирлик тизимидаги 28 та тиббиёт коллежи ҳамда 47 та Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумига қабул жараёни ҳам бошланади.

Таъкидланишича, тўлиқ умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар тиббиёт коллежларида 2 йил муддатга, техникумларда эса 3 йил муддатга кундузги таълим шаклида соҳа бўйича олий таълим дастурлари билан интеграциялашган режа ва дастурлар асосида таълим олишлари белгиланган.

Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларига жавоб бериш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари ҳафтанинг душанба—шанба кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача ишлайдиган мурожаатлар маркази (Call-марказ) ҳам 20 августдан ўз фаолиятини бошлаши кўзда тутилган, дейилади хабарда.

Аввалроқ Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети Самарқанд филиалига қабул жараёнлари бошланганлиги маълум қилинган эди.

Янгиликлар