Нурмат Отабеков карантинга қайтишга умуман асос йўқлигини билдирди

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков коронавируснинг британча штамми Ўзбекистонга кириб келиши қатъий карантинга қайтишга асос эмаслигини таъкидлаган. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.

Фото: AOKA

Маълум қилинишича, Отабеков ҳозирги вазиятни ҳисобга олганда карантинга қайтиш асоссиз экани ҳақида гапирган. Унинг фикрича, агар аҳоли ҳаддан ташқари хотиржамликка берилса, ҳамма Ўзбекистонни ташлаб бошқа давлатларда сайр қила бошласа, касалликнинг катта оқимда кириб келишига йўл қўйиб берилсагина бу чекловлар қайта жорий қилинишига асос бўлиши мумкин.

«Халқимиз мутахассисларнинг тавсияларига тўғри риоя қилиб, ҳаёт тарзини шакллантирса, жиддий карантинга рўбарў келмаймиз. Ҳозирда баъзи давлатлар қайта карантинга киряпти, баъзилари эса чекловларни юмшатяпти. Нима бўлганда ҳам вазиятга қараб иш тутилади», – дейди Нурмат Отабеков журналистларга берган интервьюсида.

Шунингдек, штаб аъзоси британча штаммнинг болаларга юқиш ҳолати юқори эканлигига қарамай, таълим муассасаларининг ёпилиши ҳақида ҳалича бирор фикр йўқлигини ҳам айтиб ўтди.

«Таълим муассасалари ёпилиши бўйича умуман фикр йўқ. Карантин тадбирлари жорий қилинаркан, хавф остида бўлган гуруҳга алоҳида эътибор берилади. Шунинг учун ҳам мабодо карантинга эҳтиёж бўлса, аҳолининг қайси қатлами хавф гуруҳида эканлигини аниқлаб, бир қарорга келинади», – деб таъкидлаган у.

Мавзуга доир:

Янгиликлар