Марҳамат туманидаги мол бозори карантин даврида ишлаётгани тўғрисидаги хабар рад этилди

Марҳамат тумани ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган «Мол бозори ишлагани яхши, аммо карантин талабларига риоя этиш керак-да» сарлавҳали мурожаат юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, танқидий мақолада Марҳамат туманида 29-июль, чоршанба куни ҳам мол бозори ишлаётгани, аммо у ерда карантин талабларига риоя этилмаётганлиги айтилган бўлиб, мақолада кўрсатилган ҳолатлар туман ҳокимлиги матбуот хизмати ходимлари томонидан ўрганиб чиқилган.

«Ўрганишлар давомида ушбу танқидий мақоладаги расм қиш фаслида олингани аниқланиб, бу расм айнан Марҳамат эканлиги тасдиқланмади. Бундан ташқари, ушбу мақолада келтирилган маълумотлар ҳам ўз тасдиғини топмади. Ёлғон хабарлиги маълум бўлди», — дейилади ҳокимлик муносабатида.

Aввалроқ Aндижон вилоятидаги «Ҳудудгаз Aндижон» газ таъминоти филиали интернетда тарқалган «‘Яхши’ маҳалласига газ керак!» сарлавҳали хабар юзасидан расмий муносабат билдиргани ҳақда хабар берилганди. Таъкидланишича, Aндижон шаҳридаги «Яхши» маҳалласи ўрамида 500 дан ортиқ истеъмолчи истиқомат қилади ва барча истеъмолчилар филиалнинг «Aндижоншаҳаргаз» газ таъминоти бўлими томонидан мунтазам суюлтирилган газ билан таъминлаб келинмоқда.

Янгиликлар