Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси июль ойида 0,3 фоизга пасайди
Истеъмол бозорларини янги ҳосил мева ва сабзавотлари билан тўйдириш нархларнинг пасайишига олиб келди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Шу билан бирга, қўй ва мол гўшти масулотларининг нархида ўсиш кузатилди. Шунингдек, июль ойида дори-дармон, шахсий гигиена воситалари, тозалаш ва ювиш воситалари нархлари ҳам ошди. 2020 йил июль ойида истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 0,3% га камайди, йил бошидан бери ИНИ 4,3% га ўсди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари 1,3% га арзонлашди, бу, биринчи навбатда, мева ва сабзавотлар (-7,9%) ва тухум (-2,3%) нархларининг пасайиши билан боғлиқ.
Хусусан, истеъмол бозорларни янги ҳосил мева ва сабзавотлари билан тўйдириш, тарвуз (-28,9%), бодринг (-20,2%), олма (-18,6%), помидор (-14,3%) ва нок (-13,6%) каби маҳсулотлар нархларининг пасайишига олиб келди. Шунингдек, қўй ва мол гўшти маҳсулотларининг нархи мос равишда 0,69% ва 0,55%га ўсди. Шу билан бирга, лимон (7,1%) ва саримсоқ пиёз (1,3%) маҳсулотларига карантин даврида талабнинг ортиши сабабли нархлар ошди.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари бир ой ичида 0,5%га ошди, бунда бензиннинг биржадаги нархи 5,8% га ошди (умуман олганда, йил бошидан бензин нархи 6,72 % га пасайган).
Бундан ташқари, қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳажмининг ўсиши, қурилиш материалларига талаб ва нархларнинг 1,3% га ўсишига олиб келди. Цемент нархи 4,8% га кўтарилди.
Шунингдек, июль ойида дори-дармон (0,6%), шахсий гигиена воситалари, тозалаш ва ювиш воситалари (0,3%) нархлари ҳам ошди.
Аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар ўртача 0,4% га ошди. Хусусан, йўловчи транспортида хизматлар кўрсатиш 1,4% га ошди. Такси хизматлар 4,6% га ва маршрут такси хизматлари эса 2,3% га ошди.
Тиббий хизматлар 0,8% га ошиб, шу секторда нархларнинг ўсиши 0,1% дан 2,1% гача диапазонни ташкил этди.
Вилоятлар кесимида барча вилоятларда истеъмол индексининг пасайиши кузатилди: -0,1% (Тошкент шаҳри) дан 0,8% гача (Сурхандарё вилояти). Фарғона (3,5%) ва Наманган (2,6%) вилоятларида картошка нархи ўсиши кузатилди (республика бўйича ўртача картошка нархи 1,4% га пасайди).
Аввалроқ май—июнь ойларида коронавируснинг Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳаётига қандай таъсир қилгани маълум қилинган эди.