Хитой Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг Aндижон, Наманган ва Тошкентдаги лабораторияларини модернизация қилиш учун 2,9 млн доллар ажратади

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг буюртманомасига асосан Хитой ҳукумати «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг лабораторияларини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш учун грант маблағлари ажратилишини маъқуллади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, лойиҳа Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг Aндижон, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги лабораторияларини модернизация қилиш ва техник жиҳозлаш ҳамда уларнинг ходимларини замонавий лаборатория-таҳлил услубиётларига ўргатишни назарда тутади. Лойиҳа доирасида Хитой ҳукуматининг 2,9 миллион доллар миқдоридаги грантлари ҳисобига лаборатория ускуналарини сотиб олиш кўзда тутилган.

Лабораторияларнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш диагностика тадқиқотларининг аниқлигини ва қишлоқ хўжалиги экинлари касалликларининг олдини олиш чораларининг самарадорлигини оширишга имкон яратади. Шу билан бир қаторда, энг янги ишланмалар ва экспресс-услубларнинг жорий этилиши ҳисобига таҳлиллар ва экспертизалар натижаларини олишнинг юқори тезкорлиги таъминланади, бу эса карантиности маҳсулотлари юкланган транспорт воситалари учун тегишли сертификатларни олиш муддатларини минималлаштириш имконини беради.

Ҳозирги вақтда зарур ускуналарни танлаш, тегишли техник ҳужжатларни тайёрлаш ва юкларни етказиб беришнинг техник параметрлари ва шартларини муҳокама қилиш бўйича иш олиб борилмоқда. Лаборатория ускуналари сотиб олинганидан сўнг уларни ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш учун хитойлик мутахассисларнинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилади.

Aввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун 95 миллион доллар ажратиши маълум қилинганди. Шунингдек, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратиши хабар қилинган.

Янгиликлар