Уйчида тадбиркорга тазйиқ ўтказиб, 3700 доллар беришини талаб қилган шахс қўлга олинди (видео)

Наманган вилояти Уйчи туманида 2020 йил 25 сентябрь куни тадбиркорга тазйиқ ўтказиб, 3700 доллар беришини талаб қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда «Zo‘r TV» телеканали «Bu kun» информацион дастурида хабар қилинди.

Маълум қилинишича, Уйчи туманида яшовчи фуқаро 2018 йилнинг баҳор ойларида иссиқхоналар қуриш учун ихтисослаштирилган корхона ташкил этган. 2020 йилнинг май ойида эса шу туманда яшовчи бир фуқаро билан танишиб қолган. У Чортоқ туманида бандликка кўмаклашиш бўлимида ишловчи таниши орқали иссиқхона қуриш учун иш гаплашиб беришини айтган.

Шундан сўнг улар Чортоқ туманига бориб, бандлик бўлимида ишловчи шахс билан гаплашган. Бўлим ходими ёрдами билан тадбиркор Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманига иссиқхона қуриш учун борган. У ерда 20 нафар ишчиси билан 75 кун давомида 216 дона иссиқхона қуриб битказганидан сўнг Мирзаобод туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан унинг ҳисоб рақамига 1 миллиард 200 миллион сўм пул маблағи туширилган.

Тадбиркор Наманганга қайтганидан сўнг юқоридаги икки шахс ундан 28 минг AҚШ доллари талаб қила бошлаган. Шунда тадбиркор уларга 21 минг AҚШ доллари берган. Бироқ бундан қаноатланмаган икки шерик фуқаронинг оила аъзолари тинчлигини бузиб, яна 3700 AҚШ доллари беришини, агар бермаса, оқибати ёмон бўлишини айтиб, фуқарога тазйиқ ўтказган.

Тадбиркор масалага қонуний ечим топиш мақсадида 25 сентябрь куни ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармасига мурожаат қилган. Aризага асосан, шу куни Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят-қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлими, Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси ва Департаментнинг Наманган вилояти бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Товламачиликда гумон қилинаётган шахслардан бири аризачидан 2700 AҚШ доллари ва 10 миллион сўм пулни олаётган вақтида қўлга олинган.

Аввалроқ Пахтачида туман ИИБ бошлиғига 6 миллион сўм пора бераётган эркак жиноят устида ушлангани ҳамда Косонсойда ер олиб беришини айтиб, фуқарони 100 минг долларга чув туширган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар