Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Ҳабибулла Абдуалиев 88 ёшида вафот этди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Абдуалиев Ҳабибулла Муллабердиёрович 17 сентябрь, пайшанба куни 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Янги Ўзбекистон» нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Ҳабибулла Абдуалиев 1932 йил 26 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган.
Қайд этилишича, Абдуалиев 1955–1960 йилларда Ўрта Осиё давлат университетининг юридик факультетида таҳсил олган ва ўқиш давомида мазкур факультетнинг услубчиси вазифасида фаолият юритган. Шунингдек, 1959–2002 йиллар давомида Тошкент давлат университетининг юридик факультетида Маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси лаборанти, ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, «Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви» кафедраси доценти ҳамда юридик факультети декан ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Бундан ташқари, 1983 йилда Абдуалиевга Ўзбекистон Олий Совети Президиуми Фармони билан «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист» унвони берилган.
Абдуалиев томонидан Ўзбекистон Конституцияси, Давлат ҳуқуқи масалаларига бағишланган 40 дан ортиқ мақола, китоб ва методик қўлланмалар ёзилган. Уларда давлат органлари, депутатларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, давлатларнинг суверен ҳуқуқлари, Конституция ва қонуннинг устуворлиги, мустақил давлатнинг бош қонуни, сайлов тизимлари, сайлов ҳуқуқи, халқ депутатлари, давлат органлари тушунчаси ва тизими, конституциявий ҳуқуқ ва унинг дастури каби мавзулар ёритилган.
Марҳум ўлимидан олдин Тошкент шаҳар Учтепа тумани «Шарқ юлдузи» МФЙ раиси лавозимида фаолият юритган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги давлат котиби Раҳим Ражабов, профессор Назира Салоҳова ҳамда академик Тўра Мирзаев вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.