Шавкат Мирзиёев академик Тўра Мирзаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев 84 ёшида вафот этган адабиётшунос олим Тўра Мирзаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Тўра Мирзаев 1936 йил 6 мартда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. 1957 йили Бухоро давлат педагогика институтини тугатиб, Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги 22-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. 1961—1963 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди, 1965 йилда номзодлик, 1986 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Қайд этилишича, олим ўзининг қарийб 65 йиллик умрини илмий-педагогик ва ташкилотчилик фаолиятига сарфлаган. Тўра Мирзаев Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими, сектор мудири, директори, Фанлар академиясининг ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича вице-президенти бўлиб ишлаган.

Шунингдек, Тўра Мирзаев ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг етакчи илмий ходими каби лавозимларда ишлаб, адабиётшунослик, фольклоршунослик фанлари соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этган.

Маълумот учун, академик Тўра Мирзаев Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони, «Фидокорона хизматлари учун» ва «Дўстлик» орденларига сазовор бўлган.

«Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Тўра Мирзаевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўктам Барноев хонадонига бориб, унинг оила аъзоларига таъзия билдирганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Карим Камоловнинг хонадонига бориб, марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирганди.

Янгиликлар