Шавкат Мирзиёев Ўктам Барноев хонадонига бориб, унинг оила аъзоларига таъзия билдирди

Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев 20 cентябрь, якшанба куни оғир хасталик туфайли вафот этган эди.

Шавкат Мирзиёев 21 cентябрь куни таъзияли хонадонга ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилинди, дея хабар берди Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўктам Барноев меҳнат фаолиятини ўзи туғилиб ўсган Бухоро вилоятида бошлаган. Кейинчалик Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида, Вазирлар Маҳкамасида масъул лавозимларда ишлаган. 2008—2010 йилларда Самарқанд, 2016—2020 йилларда Бухоро вилояти ҳокими бўлган. У 2020 йилдан бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, Ўктам Барноевнинг деярли бутун фаолияти қишлоқ ва сув хўжалиги билан боғлиқ бўлган. У ушбу соҳадаги ислоҳотларини амалга оширишда асосий ижрочилардан бири эди. Бу йўлда барча билим, тажриба ва кучини сафарбар қилган. Aграр тармоқни диверсификация қилиш, бозор механизмлари ва кооперация тизимини жорий этиш, ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, ҳосилдорликни ошириб, озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.

Давлат раҳбари 21 cентябрь куни марҳумнинг онаси, рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилаган.

«Ўктамжон олижаноб, забардаст, фидойи, ватанпарвар, ўрнак олишга арзигулик инсон эди. Бош вазир пайтларимда ҳам бирга ишладик. Гапирмасам ҳам мени тушунарди. Бир инсоннинг тарбияланиб, шундай кадр бўлиб етишиши осон эмас. Aйниқса, охирги пайтлар оғир соҳани бериб, кўнглим тинчиб, кўп ишларни бошлаган эдик. Бу офат бутун дунёга келди. Қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилдик. Лекин ўлим ҳақ. Aллоҳнинг иродаси экан. Бу ҳаммамизга мусибат. Жойи жаннатда бўлсин!» — дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлишини таъкидлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўктам Барноевнинг оила аъзолари давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон халқига осойишталик, сиҳат-саломатлик тилаб, дуо қилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида 30 июль куни бўлиб ўтган брифингда бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев коронавирусга чалингани маълум қилинганди. Бош вазир ўринбосари 20 cентябрь куни вафот этган. Кейинчалик Ўктам Барноев инсультдан вафот этгани хабар қилинган.

Янгиликлар