Юз йилдан буён битмаётган яра. Қорабоғ можаросининг тарихи ва бугуни ҳақида

Мана бир неча кундирки, Тоғли Қорабоғ минтақасида истиқомат қилувчи этник арманлар қуролли гуруҳлари ва Озарбайжон қуролли кучлари ўртасида жанглар давом этмоқда. Можарода икки томон ҳам бир-бирини айбламоқда. Қорабоғни Арманистон қўллаб-қувватламоқда. Бу можаро Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги 30 йиллик келишмовчиликка сабаб бўлиб келмоқда.

Хўш, Қорабоғ нега икки давлат ўртасидаги зиддиятли ҳудудга айланиб қолган? Муаммонинг илдизи қаерда? Шу пайтгача нималар юз берди? Ушбу материалда бу каби саволларга жавоб берамиз.

Қорабоғ муаммосининг илдизи

XIX асрдан буён Россия империяси таркибида бўлиб келган Кавказ ҳудуди 1917 йилги инқилобдан кейин мустақил бўлиб ажралиб чиқди. Шу йили Арманистон, Озарбайжон ва Грузия Кавказорти федерал демократик республикаси тузилганини эълон қилди. Аммо уч ойдан сўнг бу давлат парчаланиб кетди. Бунга Арманистон ва Озарбайжон ўртасида бошланган уруш сабаб бўлди.

Уруш, асосан, уч нуқтада бўлиб ўтди. Булар Нахчивон, Зангизур (Сюник) ва Тоғли Қорабоғ эди. Ушбу уч ҳудуд икки давлат ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар маркази бўлди. Асосан арманлар истиқомат қиладиган Қорабоғ мустақиллик эълон қилишга ҳаракат қилди. Аммо Усмонли салтанати немис аскарлари ёрдамида минтақани эгаллаши бунга имкон бермади.

1919 йилда Усмонли салтанати урушда мағлуб бўлгач, минтақа Британия назоратига ўтди. Озарбайжон миллий ҳаракати фаоли Хусравбек Султонов британияликлар томонидан Қорабоғ ва Зангизур муваққат ҳукумати раиси этиб тайинланди. Париж тинчлик шартномасига кўра инглизлар ҳудудни тарк этди ва 11-рус армияси Кавказни эгаллади.

Саркарда Андраник бошчилигидаги армани қуролли гуруҳи. Фото: Wikipedia

1920 йилда уч Кавказ давлати бу сафар Кавказорти Совет Социалистик Федератив Республикасини тузди. Большевиклар етти аъзодан иборат Кавказ бюросини ташкил қилди. Ушбу бюронинг вазифаси федерация ҳудудини совет андозаларига мос республика ва автоном бирликларга бўлган ҳолда этник келиб чиқишга асосланган чегараланишни амалга ошириш эди.

Ушбу қўмитанинг тўрт нафар аъзоси Қорабоғни Арманистон ССР таркибига қўшиб беришни ёқлаб овоз берган бўлса, уч нафари бунга қарши бўлди. Аммо Озарбайжон коммунистлари, жумладан, партия лидери Наримон Наримоновнинг қаршилиги, шунингдек, Ереванда кўтарилган аксилсовет қўзғолони қўмита аъзоларини қарорларини қайта кўриб чиқишга ундади. Натижада 1921 йилда Қорабоғ Озарбайжон ССР таркибига қўшиб юборилди. 1923 йилдан эса Озарбайжон ССР таркибидаги Қорабоғ мухтор вилоятига айланди. Ўша пайтда ҳудуд аҳолисининг 94 фоизи арманилардан иборат эди. Вилоят маркази қилиб ўша пайтдаги Хонкенди, ҳозирги Степанакерт шаҳри танланди.

Бир қатор арман ва озарбайжон академиклари бундай ҳаракатни Россия атайин уюштирганини иддао этади. Уларнинг фикрича, руслар бу ерда «бўлиб ташла, ҳукмронлик қил» тамойили асосида иш тутган. Бундай ҳолатни Озарбайжоннинг эксклави бўлмиш Нахчивонда ҳам кузатиш мумкин. Айримлар совет Россиясининг бундай ҳаракатини ўша пайтдаги Отатурк Туркияси билан яхши алоқаларни сақлаб қолиш мақсадида амалга оширган деган қарашни ҳам илгари суради.

Совет Иттифоқи даврида Озарбайжон ҳукумати ҳудудда озарбайжонларни кўпайтириш сиёсатини олиб борди. Вилоят арманларинининг Арманистон билан алоқаларини узиб қўйиб, уларни вилоят ташқарисига чиқаришга уринди ва ҳудудга озарбайжонларни кўчириб келтирди. Натижада 1979 йилги ҳисоб-китобларга кўра, ҳудудда 1923 йилда аҳолининг 94 фоизни ташкил қилган арманлар 76 фоизга камайди, озарбайжонлар 23 фоизга ўсди. Ўша пайтдаги 162 минг аҳолидан 123 мингини арманилар, 37 мингдан ошиғини озарбайжонлар ташкил қилган.

Муаммонинг қайта кўтарилиши

Горбачёв бошлаган қайта қуриш сиёсати натижасида республикаларда мустақиллик ғоялари пайдо бўла бошлади. Шундай шароитда, 1988 йил 20 февраль куни Қорабоғ мухтор вилояти раҳбарлари вилоятни Арманистонга қўшилишини ёқлаб овоз берди. Уларнинг норозилигининг сабаби ҳудуд мактабларида арман тилидаги китобларнинг, телеканалларнинг йўқлиги эди. Шунингдек, улар ўша пайтдаги Озарбайжон раҳбариятини ҳудудни озарбайжонлаштириш сиёсатини олиб боришда айблади.

Бирлашиш ҳаракатига машҳур арман шахслари ва рус интеллигенцияси вакиллари, жумладан, диссидент ва Тинчлик бўйича Нобель мукофоти соҳиби Андрей Сахаров кабилар раҳбарлик қилди. Ереванда аҳоли иш ташлашлар уюштирди. Бокуда ҳам намойишлар бўлди. Горбачёв эса СССР контитуциясининг 78-моддаси бўйича республикалар чегаралари ўзгартирилмаслигини эълон қилди. Унинг фикрича, бундай ҳаракат империяннг бошқа ҳудудларида ҳам акс садо бериши мумкин эди.

Арманлар 1921 йилдаги Кавбюронинг Қорабоғни Арманистон ССРга бериш ҳақидаги қарорини рўкач қилиб, «тарихий хатони» тўғрилаш ниятида эканини эълон қилди. Ўз ҳудудларининг қўлдан кетишини истамаган озарбайжонлар Горбачёвнинг қарорини қўллаб-қувватлади. Шу тариқа вазият таранглашиб борди ва икки томон ўртасидаги тўқнашувларни муқаррар қилиб қўйди.

Қорабоғдаги асосий воқеалар

30 йил муқаддам Кавказда бир неча бор қатлиомлар юз берди. Уларнинг биринчиси 1988 йилнинг февраль ойида Сумғаитда, 1990 йил январь ойида Бокуда юз берди. Бу воқеадан бир кун ўтиб «Қора январ» воқеалари юз берди.

1991 йил 30 августда Озарбайжон мустақиллигини эълон қилди. 1991 йил 31 декабрда СССР тарқалгани эълон қилинди. Бу эса Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муқаррар уруш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлади. Бир ой олдин, 21 ноябрь куни Озарбайжон парламенти Қорабоғнинг мухтор мақомини бекор қилди ва пойтахт номини Хонкендига ўзгартирди. Бунга жавобан 10 декабрь куни Қорабоғда референдум ўтказилди, 1992 йил 6 январь куни эса минтақа мустақиллигини эълон қилди. Аммо бу республикани шу пайтгача ҳали ҳеч ким тан олмади. Ҳатто Арманистон халқаро ҳамжамият босимидан қўрқиб бунга жазм қилмади.

Дастлаб этник можаро шаклида бошланган тўқнашувлар икки давлат ўртасидаги урушга айланиб кетди. 1992-1994 йиллар орасида арманилар ва озарбайжонлар ўртасидаги кенг қамровли жангларда 30 минга яқин инсон ҳалок бўлди. Ушбу жангларнинг энг оғриқли нуқталаридан бири Хўжали қирғини бўлди. Human Rights Watch берган маълумотга кўра, армани қуролли гуруҳлари шаҳарни эгаллаб олгач, қуролсиз тинч аҳоли вакиллари ҳамда жангдан ташқарида бўлган ҳарбийлардан анчасини қириб юборган. Озарбайжон расмийлари тинч аҳолидан 613 киши, жумладан, 106 та аёл ва 83 нафар бола ҳалок бўлганини маълум қилган. Ҳудуддан жуда кўплаб аҳоли қочиб кетишга мажбур бўлган.

Бунга жавобан шу йилнинг апрель ойида Қорабоғнинг Мароға қишлоғида Озарбайжон ҳарбийлари қирғин уюштирган. 43 нафар армани вакили Озарбайжон ҳарбийлари томонидан ўлдирилган ва 53 нафари асир олинган.

Қочқинлар

Ушбу даврдаги қуролли ҳаракатлар натижасида уруш бўлаётган ҳудудлардан бир миллионга яқин аҳоли қочиб кетишга мажбур бўлган. 400 минга яқин армани Озарбайжондан Россия ва Арманистон ҳудудига қочиб ўтган бўлса, яна 30 минг армани Қорабоғни тарк этган. Уларнинг аксарияти уруш ниҳоясига етгач, Қорабоққа қайтиб боришга муваффақ бўлган.

Озарбайжонлардан 800 минга яқини уруш бўлаётган ҳудудлардан қочиб кетган бўлса, Қорабоғдаги бошқа этник гуруҳлар Эрон ҳамда Озарбайжон ташкил қилган қочқинлар лагерларига жойлаштирилган.

1992 йилда ЙХҲТ ташаббуси билан Қорабоғ муаммосини ҳал қилиш мақсадида Минск учрашувлар гуруҳи ташкил этилди. Унда Франция, АҚШ ва Россия етакчилик қилиб келмоқда. Ушбу гуруҳ ташаббуси билан 1994 йил май ойида томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинди. Шундан буён йирик тўқнашувлар юз бермади. 2000 йилларда бир неча бор кичик тўқнашувлар юз берди. Улар орасида 2016 йил 2—5 апрель кунлари бўлиб ўтган тўрт кунлик уруш йириги бўлган эди.

Қуролланиш пойгаси

СССР тарқалиб кетгач, Арманистон ва Озарбайжон минтақадаги қуролларни бўлиб олишга киришди. Бунда катта устунлик Озарбайжон тарафида эди. Сабаби, Совуқ уруш даврида СССРнинг Кавказни ҳимоя қилиш доктринасига кўра мабодо НАТО аъзоси бўлган Туркия СССР ҳудудига кирадиган бўлса, Арманистон ҳудуди жанглар учун майдон вазифасини ўташи керак эди. Чунки Арманистон Туркия билан чегарада жойлашган.

Арманистон ҳудудида фақатгина учта дивизия ва битта аэродром бўлса, Озарбайжон ҳудудида бешта дивизия ва бешта аэродром бор эди. Шунингдек, Арманистонда 500 та ўқ-дори автомобили бўлган бўлса, Озарбайжонда уларнинг сони 10 мингта эди.

Уч йил олдин Горбачёв Қорабоққа юборган СССР кучлари чиқиб кетиши ортидан жуда катта қурол-яроғ арсенали ва ҳарбий автомобиллар арманилар ва озарбайжонларга қолиб кетди. У ерга юборилган ҳарбийлар асосан бошқа республикалардан келганлардан иборат эди ва улар у ерда узоқ қолиб кетишни истамас эди. Асосан ҳарбий хизматга чақирилган ёшлардан иборат бўлган аскарлар қуролларини маҳаллий аҳолига сота бошлади. Айримлар ҳатто ароққа қуролини алмаштириб юборди. Баъзилар танклар ва ҳарбий автомобилларгача сотиб юборди.

Озарбайжонлар катта ҳажмда ҳарбий техника сотиб олганини ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири ҳам тасдиқлаган. Ўша даврда 286 та танк, 842 та ҳарбий машина ва 386 та артиллерия бирликлари сотиб олинган. Шунингдек, қора бозорда Ғарбдан келган қуроллар ҳам сотилган.

Бундан ташқари, Озарбайжон четдан ҳам қуролли ёрдам олгани ҳақида баъзи маълумотлар сақланиб қолган. Туркия, Эрон ва баъзи араб давлатлари Озарбайжонга ҳарбий ёрдам кўрсатгани айтилади. Қуролларнинг асосий қисми СССР ҳамда Шарқий блок давлатларида ишлаб чиқарилган қуроллар эди.

Арман диаспораси эса Арманистонга жуда катта ҳамжда маблағ ажратди ҳамда 1992 йилда АҚШ Конгресси АҚШ Озарбайжонга ҳар қандай турдаги ёрдам беришини тақиқлашига эришди. Озарбайжон тарафи эса Россияни Арманистонга ёрдам беришда айблади.

Инсон капитали ҳақида гапирадиган бўлсак, ўша пайтда 17—32 ёш орасидаги ҳарбий хизматга қодир бўлган аҳоли сони бўйича Озарбайжон устунлик қиларди. Озарбайжон 1,3 миллион кишини ҳарбий хизматга жалб қила олар эди. Арманистонда эса бу рақам 550 минг кишини ташкил қиларди. Икки томондан ҳам аксарият ҳарбийлар Қизил армия сафида хизмат қилган ва урушдан олдин бирмунча ҳарбий тажрибага эга эди. Қорабоғнинг 60 фоиздан ортиқ эркаги Қизил армияда ҳарбий хизматни ўтаган эди.

Озарбайжонлар одатда ҳарбий хизмат даврида кўплаб камситишларга учрар эди. Улар аксарият ҳолларда қурилиш батальонларида хизматни ўтаган бўлса, арманилар жанговар бўлинмалар сафида хизмат қилган эди. Озарбайжонда иккита академия ва битта ҳарбий денгиз мактаби ташкил қилинганига қарамай, ҳарбий ҳаракатлардаги тажрибанинг камлиги мамлакатни урушга тайёргарлик кўришида қийинчилик туғдирган асосий омиллардан бири бўлди.

Шундай қилиб, Қорабоғ можароси сабабли икки давлат ҳам ўз ҳарбий қуролларини кучайтиришга эриша олган эди. Минтақадаги тинчликка эришишда «ҳакам» вазифасини ўтаб келаётган Россия эса деярли ўттиз йилдан буён икки давлатни ҳам қуроллантириб келмоқда. 27 сентябрь куни бошланган ҳарбий можаро ортидан эса Туркия Озарбайжонни тўлиқ қўллаб-қувватлашини эълон қилди ҳамда бу борада президент Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Арманистон бош вазири Никол Пашинян эса Владимир Путинга қўнғироқ қилиб вазиятни муҳокама қилди.

Янгиликлар