Намангандаги «Даштбоғ» кичик саноат зонасида 22 та лойиҳа амалга оширилади (фото)

Наманган шаҳридаги саноат зонасида 3,9 гектар майдонда 22 лойиҳа амалга оширилиб, натижада 2700 та иш ўрни яратилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят ва шаҳар ҳокимлари Шавкат Абдураззоқов, Олим Исаев «Даштбоғ» кичик саноат зонасида бўлиб, у ердаги лойиҳалар билан танишган. Мазкур кичик саноат зонасининг қурилиш ишлари билан танишиш жараёнида бу ерларни тезроқ қуриб ишга тушириш бўйича тадбиркорларга кўрсатма берилган.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг таъкидлашича, ҳар бир лойиҳа қурилишида тўққиз-ўн нафардан қурувчи-уста ишламоқда. Бу кўрсаткични камида 20—25 тага чиқариш керак. Шунда қурилишнинг ўзида 500 нафар одам иш билан таъминланади. Бу кичик саноат зонасида 3,9 гектар майдонда 22 лойиҳа амалга оширилади. Натижада 2700 та иш ўрни яратилади. Шунингдек, аёллар ва ёшлар дафтари рўйҳатидагиларга эътибор берилиб, маҳалладаги барча ишсизни ишга олиш кераклиги вилоят ҳокими томонидан таъкидланган. Бу бўйича шаҳар ҳокимлиги, бандлик бўлими, сектор раҳбари режа ишлаб чиқиши ҳақида топшириқлар берилган.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, саноат зонасини ўрганиш жараёнида шу кичик саноат зонасидаги 22 нафар тадбиркор қурилиш ишларига ўртача 10 нафардан ишчи жалб этса, 220 нафар ишсиз бандлиги таъминланади. Шунингдек, уларнинг мардикор бозорларида куни билан иш кутиб ўтирмаслиги алоҳида таъкидланган.

Аввалроқ Когон шаҳрида қиймати 22 миллиард сўмга яқин 14 та лойиҳадан иборат саноат зонаси ташкил этилиши ва Наманган шаҳрида январь—сентябрь ойларида салкам 906 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Тўрақўрғонда 10 миллион долларлик лойиҳа ишга туширилиши натижасида 1200 та, Наманганда эса 92 миллиард сўмлик лойиҳа тўлиқ ишга туширилиши билан 1000 та янги иш ўрни яратилиши хабар қилинганди.

Янгиликлар