Олимлар кўзойнак таққан одамларга COVID-19 юқиш эҳтимоли беш баравар камлигини аниқлади

Кўзойнак таққан одамларда коронавирус инфекцияси билан касалланиш эҳтимоли беш баравар камлиги маълум бўлди. Бу ҳақда «Российская газета» хабар бермоқда.

Фото: Кирилл Кухмарь / ТАСС

Маълум қилинишича, кўзойнак таққан одамларда коронавирус инфекцияси билан касалланиш эҳтимоли беш баравар кам. Кольцово шаҳрида бўлиб ўтган OpenBio биотехнология форуми доирасида биология фанлари доктори, Новосибирск давлат университети (НДУ) Бионанотехнология, микробиология ва вирусология лабораториясининг мудири Сергей Нетесов шундай фикрни билдирган.

«Хитойда ўрганиш ишлари шуни кўрсатадики, кўзойнак тақадиган одамлар COVID-19’ни беш марта камроқ юқтиришади. Хитойда бу жуда аниқ сезилган. Чунки контакт линзаларини тақадиганлар кам, лекин 80 фоиздан ортиғи кўзойнак тақади. Беморларнинг атиги 10 фоизи кўзойнак таққанлардир», — деди олим.

Контакт линзалари машҳур бўлмаган Хитойда ушбу сезиларли даражада кўзга ташланган ва шунга кўра тадқиқотлар олиб борилган. Тадқиқотлар натижасида кўзойнак тақадиган одамларда коронавирус юқтириш эҳтимоли камлиги маълум бўлган. Бунга сабаб қилиб кўзнинг шиллиқ қавати кўзойнак орқали яхшироқ ҳимояга олиниши кўрсатилган.

Аввалроқ Лондон университети коллежи ва Қироллик миллий қўмитаси олимлари томонидан коронавируснинг яна бир янги аломати аниқланганди. Шунингдек, австралиялик олимлар томонидан коронавирус инфекцияси смартфонлар экранида бир ойгача сақланиб қолиши маълум қилинди.