Ўзбекистонда ноқонуний дарахт кесганлик учун жарима миқдори қанчага ўзгарди

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг бир неча қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритди. Хусусан, дарахт кесганлик учун жарима миқдори оширилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига (Ўсимлик дунёси объектларини йиғиш, тайёрлаш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳамда шартларини бузиш) киритилган ўзгартиришларга кўра:

• юқорида саналган ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан 50 бараваригача (аввал 10 баравардан 15 бараваргача эди);

• мансабдор шахсларга — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 70 бараваригача (аввал 10 баравардан 15 бараваргача эди) миқдорда жарима солинади.

Ҳуқуқбузарликни бир йил давомида такроран содир этганлик учун:

• жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 70 бараваригача (аввал 10 баравардан 15 бараваргача эди);

• мансабдор шахсларга — базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваридан 100 бараваригача (аввал 10 баравардан 15 бараваргача эди) миқдорда жарима солинади.

Қимматли дарахт турларини кесиш, кундалаш, зарарлаш ва йўқотишга олиб келувчи лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 70 бараваригача жарима солинади.

Давлат ўрмон фондига киритилмаган қимматли дарахт ва буталарни кесганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача молиявий санкция солинади.

Янгиликлар